Қашқадарёда спортнинг волейбол тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақасининг қиз болалар ўртасида вилоят босқичи бўлиб ўтди
Юртимизда истеъдодли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга имкониятлар яратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жисмоний имкониятларидан келиб чиқиб спорт жамоаларига жалб этиш мақсадида Ички ишлар вазирининг 2023 йил 1 июль кунидаги “Спортнинг волейбол тури бўйича Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаларини ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинганди.
Фармойиш талабларига асосан, Қарши Олимпия ва паралимпия заҳиралари спорт мактабида 17 ёшгача бўлган қизлар ўртасида волейбол мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси масъуллигида ташкил этилган мусобақанинг вилоят босқичида шаҳар-туман ҳудудий саралаш босқичида ғолиб бўлган 16 та жамоа ўзаро куч синашди.
Қизғин ва муросасиз ўтган мусобақада Қамаши тумани волейболчи қизлари жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Навбатдаги совринли ўринларни Нишон тумани ва Китоб тумани волейболчи қизлар жамоаси банд этишди.
Ғолибларга кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан тантанали равишда топширилди.