ҚАШҚАДАРЁДА “ҚУРОЛ” МАХСУС ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 июлдаги “Қурол тўғрисида”ги ЎРҚ-550-сон Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 апрелдаги тегишли Фармони ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2020 йил 25 июндаги тегишли кўрсатмасига асосан фуқароларга тегишли бўлган қуролларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш, қурол билан боғлиқ турли ноҳуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳудудида “Қурол” махсус профилактик тадбири ўтказилмоқда.
Қайд этиш лозим, тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқаролар томонидан шахсий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлаш ҳамда фойдаланиш тартибларига риоя этилишини текшириш, ишончли сақланишига тўсқинлик қилувчи шарт-шароитларнинг бартараф этиш, жиноят ва бахтсиз ҳодисаларнинг юзага келишига замин яратувчи омилларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган мақсадли тадбирларни ташкил этиш, аниқланган камчиликлар бўйича ўз вақтида амалий чоралар кўришдан иборат.
Тадбирга 1142 нафар ички ишлар органлари ходимлари ва 15 нафар овчилик жамияти ишчи-хизматчилари жалб қилиниб, ҳозирга қадар вилоят бўйича 1929 нафар ов қуролига эга шахслар томонидан қурол ва ўқ-дориларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилаётганлиги бўйича текширувлар ўтказилди. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, ушбу қоидалар яна бир маротаба тушунтирилди ҳамда тилхатлар олинди.
Текширув давомида қуролни сақлаш ва олиб юриш қоидаларини бузган 50 нафар фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 221-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шунингдек, қуролга эгалик қилишга номувофиқ хулқ-атвори, турмуш тарзи ва бошқа салбий асослар бўйича 2 нафар фуқаролардан (2 нафар оилавий нотинчлик учун) ов қуроллари вақтинчалик ички ишлар органларига ҳужжатлаштириб олинди.
Ҳозирда вилоят бўйича тадбир давом этмоқда.
ЭСЛАТМА: Қурол сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича асосий қоидалар:
- қурол ва унинг ўқ-дорилари қурол эгасининг доимий яшаш жойида (қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатномада қайд этилган манзил бўйича) сақланиши лозим;
- овчилик бадали ва давлат божини ўз вақтида тўлаб бориш;
- қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг амал қилиш муддатига доимий риоя қилиш талаб этилади.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати