5 Май 2020 йил 836

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ИИБ пробация ҳисобида турган маҳкумлар муддатидан илгари жазодан шартли озод қилинди.

Жамиятимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.

         Айни пайтда юртимизда карантин сабабли судларда аксарият жиноят ишларини кўриш тўхтатилган бўлишига қарамасдан, маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси талаблари жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан туман ички ишлари органлари Пробация гуруҳлари томонидан киритилаётган тақдимномалар кўриб чиқилмоқда.

         2020 йил 4 май куни жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди томонидан Нишон тумани ИИО Пробация гуруҳининг 7 нафар маҳкумни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалари қаноатлантирилди.

         Жумладан, маҳкум Тоғайқулов Собит Мусурмонқулович билиб-билмасдан гиёҳвандлик олди-сотдиси билан боғлиқ жиноятга аралашиб қолганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
270-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этиб 8 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган ва жиноят кодексининг 74-моддасига асосан 2 йил 8 ой 1 кун муддатга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган эди. Маҳкум жазони ўташга виждонан ва ҳалол муносабатда бўлиб, жазони ўташ даврида ўзини ижобий томондан кўрсатиб, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлиги ва ЖКнинг 73-моддасига асосан жазо муддатининг 2/3 қисмини ўтаганлигини инобатга олиб, суд маҳкумни жазодан муддатидан илгари шартли озод қилди.  

         Энг муҳими, суд томонидан жиноят содир этган, бироқ қилмишнинг ҳуқуққа хилофлигини англаган ва ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга имкон берилганлиги халқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларнинг рўёбга чиқарилиши билан бир қаторда жазодан озод этилган маҳкумларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга, оила аъзолари, фарзандлари, шунингдек эл-юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишларига яна бир имкон яратди. 

Text to speech