Қашқадарё вилояти ИИБ М ва ФРБ томонидан 13258 нафар фуқароларга ID-карта расмийлаштирилди.
Маълумки, 2020 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ – 6065- сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда мамлакатимизда ахборот тизимини жадал ривожлантириш, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, турли ахборот тизимларида ва масофавий хизмат кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш мақсадида, Республиканинг мавжуд биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига 2021 йилдан бошлаб идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Идентификация ID-карталарини олиш ва алмаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига, уларни алмаштириш учун эса давлат хизматлари марказларига ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Идентификация ID-карталарини олиш учун Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилдаги ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига, алмаштириш учун эса ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилиш имконияти мавжуд.
Фуқаро ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилмайди.
Янги туғилган болага идентификация ID-карталари мажбурий берилмасдан, унинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг, ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши мумкин.
Идентификация ID-карталари белгиланган ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади.
Фармонга асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;
иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Идентификация ID-картасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади. Ҳозирги кунда Қашқадарё вилояти ИИБ М ва ФРБ томонидан 13258 нафар фуқароларга ID-карта расмийлаштирилди.