28 Феврал 2023 йил 733

Қашқадарё вилояти ИИБ ДПМ Тиббиёт бўлими СЭНМ огоҳлантиради: мавсумий сувчечак касаллигидан огоҳ бўлинг!

“Сувчечак” касаллигидан огоҳ бўлинг!

Ер юзида шундай касалликлар борки, бу касалликларни бошқариб бўлмайди. Инсон ўзи хоҳламаган, ўзи билмаган ҳолатда шу касалликларни юқтириб олади. “Сувчечак” касаллиги ана шундай вирусли ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган касалликлар тоифасига киради.

Сувчечак касаллиги асосан қиш ва баҳор мавсумларида кенг тарқаладиган мавсумий касаллик бўлиб, ҳаёти давомида шу касаллик билан касалланмаган инсонларгина касалланади.

 Сувчечак (лот. Вариcэлла) — бир қатор вирусли инфекцияларнинг умумий номи. Бутун тана бўйлаб қизил тошмалар ва доначалар пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Касаллик жуда камдан-кам ҳолларда такроран кузатилиши мумкин. Одатда инсонлар ҳаёти давомида бу касаллик билан бир марта касалланишади.

 

Инфекция тошма ва бошқа аломатлар бошланишидан тахминан 7-21 кун олдин организмга тушган бўлади. Одам терисига тошма тошиши бошлангунига қадар 48 соатгача бошқаларга касаллик юқтирувчи бўлиб ҳисобланади.

Сувчечак касаллиги вирусини юқтирган беморлар танасига тошма тошишидан ташқари бошқа белгилар, яъни тана ҳарорати кўтарилиш (иситма), бош оғриши ва иштаҳа йўқолиши каби белгилар ҳам намоён бўлади.

Беморда бу аломатлар кузатилганидан бир ёки икки кун ўтгач, тошма ривожланиши бошланади. Одам соғайишдан олдин касалликнинг уч босқичидан ўтади. Буларга қуйидагилар киради:

Қизил ва пушти доначалар бутун танада ривожланади;

Доначалар суюқлик билан тўлган пуфакчаларга айланади;

Пуфакчалар қаттиқлашиб, юзаки қобиқ пайдо бўлади.

Танадаги тошмалар бир вақтнинг ўзида йўқолмайди. Вирус фаолияти давомида доимий равишда янги пуфакчалар пайдо бўлаверади. Пуфакчалар жуда қичиши мумкин, айниқса, чақа (яра) ҳосил бўлишидан олдин. Доначалар бутунлай йўқолиши учун 7-14 кун вақт кетади.

 

Вирус қуйидаги йўллар билан тарқалади:

Сўлак;

Йўтал;

Акса уриш;

Пуфакчалардаги суюқликни ушлаш.

 

Сувчечак ҳаво-томчи йўли билан тарқалади.Касаллик асосан 6 ойликдан

7 ёшгача бўлган болаларга таъсир кўрсатади. Касаллик шифо топгандан сўнг организмда барқарор иммунитет ҳосил бўлади. Сувчечакнинг яширин даври

11-21 кун давом этади.

Сувчечак ташхиси қўйилган беморларнинг кўпчилиги вируснинг фаоллигида касаллик белгиларини назорат қилишлари керак. Сувчечак касаллиги аниқланган беморлардан (болалар ва катталар) вирус тарқалишини олдини олиш учун уларни тўғри парвариш қилиш керак. Вирус билан зарарланган беморлар уйда қолишлари ва бошқа оила аъзоларидан алоҳидаланиши тавсия этилади. Шифокор кўрсатмасига асосан дори воситаларини қабул қилиш зарур.

Сувчечак касаллигининг профилактикаси:

Сувчечак касаллигини олдини олиш учун энг аввало, иммунитет тизимни мустаҳкамлаш зарур. Иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида, биринчи навбатда тонгги бадантарбия машқларини бажариш, оқсилга ҳамда витаминга бой бўлган озиқ-овқат, сабзавот маҳсулотларини истеъмол қилиш, хизмат хоналарини ва ётоқхоналар ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш, вақти-вақти билан хоналарга исириқ тутатиш ҳам сувчечак вируси тарқалишини олдини олишга ёрдам беради. Шунингдек, профилактик дезинфекция тадбирларини сифатли ўтказилишини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Text to speech