16 Декабр 2022 йил 526

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган танқидий ва таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди.

Қашқадарё вилояти ИИБда жорий йил ўн бир ойи якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарлари, шаҳар ва туман ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, тезкор хизмат вакиллари иштирок этди. Йиғилишда шаҳар-туман ИИБ масъул ходимлари видеоселектор тарзида иштирок этишди. Кўлами кенг йиғилишни вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шуҳратжон Сатволдиев очди.

Йиғилишда  бошқарма бошлиғи жорий йилнинг ўтган ўн бир ойида вилоятда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва хуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ излар”да фош этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан амалга оширилган ишларни танқидий- таҳлил қилди.

Йиғилишда воҳада жиноятчиликнинг илдизига болта уриш ва унга қарши кураш, содир этилганларини излар босилмай фош этиш, қонунбузарликларга барҳам бериш, жамоат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар талаб даражасида амалга оширилмагани таъкидланди.

Воҳада қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, рўй берганларини фош этиш борасида амалга оширилган ишлар, фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, тегишли соҳавий хизатлар раҳбарлари олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Ички ишлар органлари ходимлари ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, осуда турмушга замин ҳозирлашда кенг жамоатчилик, айниқса, маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ, маҳалла фаоллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Ушбу жараёнда огоҳликни янада кенгроқ тарғиб этиб, ёшларни турли иллатлар домига тушиб қолишининг олдини олиш бош вазифа бўлмоғи лозим. Бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар бўйича соҳавий хизматлар раҳбарлари вазифадор этилиб, масъулияти оширилди.

 Бундан ташқари, шаҳар-туман 3-секторларидаги ишчи гуруҳлар томонидан “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ишлаш жараёнида қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ҳудудларда коммунал соҳадаги камчиликларни мунтазам назорат қилиб, учрайдиган муаммоларни  бартараф этиш, асосий эътибор аҳолининг эътирозига сабаб бўлувчи ҳолатларни барвақт аниқлаш ва ушбу муаммоларни сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш бугунги куннинг долзарб масаласи эканлиги иштирокчиларга эътиборига етказилди.   

Яқинлашиб келаётган Янги йил байрами олдидан бозорларда сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва пиротехника воситаларининг сотилишини олдини олиш мақсадида ҳудудий солиқ идоралари, санитария-эпидемиология назорати раҳбарлари ва бозор маъмурияти билан биргаликда тегишли тадбирлар кучайтирган ҳолда ташкил этиш топшириғи берилди.

Кенгайтирилган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ошкора муҳокама этилиб, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Text to speech