17 Ноябр 2021 йил 538

Қашқадарё вилоят ИИБ да “Ватанимиз байроғи – фахримиз, ғуруримиз!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида 18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун  муносабати билан “Ватанимиз              байроғи – фахримиз, ғуруримиз!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Уни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Хабибулло Бозоров очиб, бу Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи!” шиори остида халқимиз томонидан кенг нишонланишини билдирди.

Тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими бош етакчиси Хосият Махманова байроқ ҳар бир миллатнинг ғурури ва фахри тимсоли эканлигини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ҳам Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Шуни айтиш лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Aждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.

Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳида ҳам ҳилпирай бошлади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз. Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди.

Text to speech