26 Июл 2023 йил 288

Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасида 6 ойлик якунлари сарҳисоб қилинди

Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасида жорий йилнинг олти ойи давомида жойлардаги тергов бўлинмалари фаолияти муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи подполковник Исроил Химматов очиб, ходимларнинг иш фаолияти, кунлик идоравий ва процессуал назоратни кучайтириш ҳамда хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш, тамагирлик қилмаслик, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, улар билан ноқонуний мулоқотларга киришмаслик, тергов давомида ҳалоллик, қонунийлик, холислик, адолат ва инсонийлик тамойилларига асосланиб иш юритиш лозимлигини қайд этди.

Кўлами кенг йиғилишда Тергов бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Яшин Худойбердиев бошқарма ва унинг шаҳар-туманлари бўлим ва бўлинмалари томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида амалга оширган ишлари, фаолиятда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган хато ва камчиликларни атрофлича таҳлил этди. Фаолият давомида жиноятларни тез ва тўлиқ очиш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, ҳар бир жиноят содир этган шахсга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, жиноят ишларини процессуал қонун асосида ҳар томонлама тўлиқ сифатли тергов қилиш, жиноятнинг сабаблари, унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чораларни кўриш тергов идораларининг асосий вазифаси бўлиши таъкидланди.

Йиғилиш якунида ҳисобот давридаги хизмат фаолияти давомида жиноят ишларининг терговини сифатли ўтказилишини таъминлаган, юқори натижаларга эришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлган бир гуруҳ терговчи ва суриштирувчиларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Text to speech