ҚАСАМИНГГА СОДИҚ БЎЛ!
ИИВ Қашқадарё академик лицейида ички ишлар органларига хизматга кирган ходимларнинг қасамёди ва лицейни битирувчи ўқувчиларга диплом топшириш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Авиация билим юрти ҳарбийлари, ички ишлар органлари фахрийлари ва қасамёдга йиғилган ходимларнинг ота-оналари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда ҳарбий оркестр садолари остида давлатимиз байроғи майдонга олиб кирилди. Сўнгра, давлатимиз мадҳияси янгради.
Шундан сўнг бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Х.Бозоров тадбирни очиб, сўзни Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Ш.Сатволдиевга берди.
- Бугун тизим ходимлари “Саф майдони”да Қашқадарё вилояти ички ишлар органларига хизматга қабул қилинган ёш ходимларнинг она-Ватанга қасамёди ҳамда ИИВ Қашқадарё академик лицейи битирувчиларига диплом топшириш учун саф тортишган. Хизматга қабул қилинган ушбу ёшларимизни ички ишлар органлари ходими, деган шарафли номга сазовор бўлаётганликлари ҳамда лицей ўқувчиларини битирув куни билан самимий муборакбод этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ички ишлар органларида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганини, бундан асосий мақсад ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган, професионал тузилмага айлантиришдир, - деди полковник Ш.Сатволдиев. – Давлатимиз раҳбарининг “Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади” – деган ибратли сўзлари ички ишлар органларига бўлган ишончнинг бир кўринишидир.
Шундай экан, ёшлар бугун қабул қилаётган “Қасамёди”га содиқ бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган, мамлакатимиз суверенитетини мустаҳкамлаш йўлида виждонан хизмат олиб бориб, ички ишлар органлари ходими деган шарафли номга муносиб бўлишини билдирди.
Ички ишлар органлари ходимлари юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, дастлабки касбий билим ва кўникмаларга эга, ақлан ва жисмонан етук бўлиши бугунги кун талаби. Шу мақсадда ташкил этилган Ички ишлар вазирлигининг Қашқадарё академик лицейини битирган 220 нафар ўқувчиларда бу хислатлар тўлиқ шакллангани, энди битирувчи ўқувчилар республикамиздаги турли олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишига ишонч билдирди.
Якунда ички ишлар органларига хизматга кирган ходимларнинг қасамёди қабул қилиниб, лицейни битирувчи ўқувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди.