7 Сентябр 2021 йил 507

Қарши шаҳрида майда безорилик содир этиб, махсус қабулхонада сақланаётган хуқуқбузарлар билан якка тартибда ва умумий профилактик сухбатлар олиб борилмоқда.  

 

Жиноятнинг катта кичиги бўлмайди. Қонунбузарликка илк қўл урган одам агар жазоланмаса, у қайта жиноят содир этиши тайин. Айниқса, билиб-билмай, эҳтиётсизлик ортидан ёки ўзгалар даъвати билан ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг кейинги гал  жиноятга қўл уриш эҳтимоли ортади.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда вилоят ҳудудида ўтган даврда содир этилган қонунбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, бунга кўпроқ ҳали қилаётган қилмишининг моҳиятини яхши англаб етмаган ёшларнинг муқаддам судланганлар ёки бошқа тоифа шахслар таъсирига тушиб қолаётгани маълум бўлди.

  “Касалликни даволашдан кўра, олдини олган афзал” деганларидек, жамоат жойларида, кўча куйда содир этилаётган аксар жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларни содир этаётган ёшларнинг турмуш тарзи, қизиқишлари ва келгуси ҳаётий режалари билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Жасурбек Атаев бошқарма ППХ ва ЖТСБ Махсус қабулхонасида бўлиб, содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жазо муддатини ўтаётган ёшлар билан  профилактик суҳбатлар ўтказди.

Юрсанг саёқ, ейсан таёқ, деган халқ нақли бежизга айтилмаган, албатта. Маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун айни пайтда жазо ўтаётган ёшлар бу иборанинг ҳақиқатлигини шу ерга келиб тушуниб етишди. Ўтказилаётган профилактик суҳбатларда хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳар қандай қонунга хилоф ҳаракат учун жавобгарлик муқаррарлиги жонли мисоллар асосида тушунтирилди.

Очиқ мулоқот, таҳлил, мулоҳаза ва муҳокама руҳида кечган профилактик суҳбатларда тунги кафелардаги улфатчиликдан сўнг сархуш жўралар базмни давом эттириш мақсадида бошқа манзилда йиғилишгани, шу пайт ёнларидан бир йигит машинада сўкиниб ўтиб кетгани мисол тариқасида келтирилди. Шундан сўнг сархуш шоввозлар катта бир муаммони ҳал қилмоқчидек, таниш билишларига қўнғироқ қилиб, сўкинган йигитнинг машинаси ортидан тушишади. Сўкинган йигит томонлардан бирининг таниши чиқиб қолгани боис, турли воситалар билан қуролланган сархуш шоввозларнинг жанжали шу жойда якун топади. Аммо жамоат тартибини бузганликлари учун суд олдида жавоб беришига тўғри келди. 

Ярим тунда жаҳл ёки қизиққонлик туфайли ўзгалар тинчини бузиб, шеригига пичоқ билан ҳамла қилган йигит билан олиб борилган профилактик суҳбатда айбдор “пичоқ йўқ эди” дея таъкидлади.

Бироқ жабрланувчи ўша куни арзимаган тортишув учун кечаси уйидан чақириб олингани ва пичоқ билан ҳамла қилишганини билдирди. Натижада қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.

Нима бўлганда ҳам қонун устувор бўлган жамиятда муаммоларга ўзбилармонлик билан ечим топишга уриниш бошқа бир жавобгарликни келтириб чиқаришини унутмаслик керак. Бугун жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар замирида қонун устуворлигини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам. 

Қарши шаҳрида кечган учрашувларда юқоридаги каби салбий хатти-ҳаракатлар натижасида ҳуқуқбузарнинг қўни-қўшнилар орасида ва маҳаллада ота-онасининг боши хам бўлиши, бу ҳолат такрорланса, ўзининг ҳаёти ҳам издан чиқиб кетиши хусусида жонли мисоллар асосида иштирокчиларга тушунчалар берилди.

Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Text to speech