Қарши шаҳрида ичкилик оқибатида юз берган жиноятлар муҳокама қилинди
Қарши шаҳар Темир йўлчилар саройида “Хавфсиз ҳудуд” тадбири доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб, олдини олиш, рўй берганларини фош этиш, борасидаги ишларнинг муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ИИВ ишчи гуруҳи, вилоят ИИБ, шаҳардаги тўртта сектор раҳбарлари, оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳудудий соғлиқни сақлаш тизимидаги нарколог-шифокорлар, пробация назоратида турган, муқаддам судланганлар, енгил табиатли ва мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилувчи шахслар ҳамда яқинда жиноят содир этган шахсларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Ж.Атаев очиб, кейинги вақтларда фуқаролар ўртасида оила-турмуш доирасида содир этилаётган жиноятлар таҳлил этилганда, аксар жиноятлар мунтазам спиртли ичимликлар истеъмол қилиши натижасида юзага келаётганини таъкидлади. Жумладан, шаҳарнинг “Оқтепа” МФЙда яшовчи Асаб-руҳий касалликлар ва наркология диспансерида ҳисобда турувчи Ҳ.Ш оилабоши бўлишига қарамай, арзимаган ҳолатда жанжалга баҳона қидириб, оила аъзолари билан тортишувни юзага келтирган ва турмуш ўртоғи З.Жга тан жароҳати етказган.
Мазкур жиноятларнинг олдини олиш мумкин эди. Оила-турмуш доирасида содир этилаётган жанжалларни қўни-қўшни, қариндош-уруғ билади-куН. ега бу ҳақда вақтида маҳалла мутасаддиларига, профилактика инспекторига хабар бермагани ажабланарли. Бундан кўринадики, айрим маҳаллаларда “сен менга тегма, мен сенга” қабилида иш тутилаётганидан дарак беради. Бу борада маҳалланинг масъул мутасаддиларидан ҳолат бўйича изоҳ сўралди. Қолаверса, Асаб-руҳий ва наркология диспансерида ҳисобда турган беморнинг ҳолидан нега патронаж ҳамширалари вақтида хабар олмагани ҳам танқид остига олинди.
Ичкилик ҳар қандай иллатни вужудга келтирувчи омиллардан бири. Шу боис маҳаллада яшовчи фуқароларнинг одати, турмуш тарзи, оилавий муаммоларини маҳалла фаоллари яхши билиши лозим. Кези келганда спиртли ичимликка муккасидан кетган, руҳиятида ўзгариш бўлган шахсларни мажбурий тиббий-профилактик кўрикдан ўтказиш, даволаш ишларини ташкил этиш ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиши шубҳасиз.