Қарши шаҳар Маданият бўлимида бир гуруҳ ёшларнинг пневматик қуролдан фойдаланган ҳолда содир этган жинояти юзасидан муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоят Ички ишлар бошқармаси, Қарши шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, диний идоралар вакиллари, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали ўқитувчилари ва талабалари, маҳалла фаоллари ва жиноят содир этган ёшларнинг ота-оналари, спорт мураббийлари иштирок этишди.
Йиғилишни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Жасурбек Атаев очиб, 2021 йил 03 сентябрь куни соат 21:30ларда шаҳарнинг “Чулқувар” маҳалласида яшовчи Шаҳриёр жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан Ислом Каримов кўчасида жойлашган “Баҳор” савдо маркази рўпарасида, Ғузор туман “Жарариқ” маҳалласида яшовчи Жонибек билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Шунда Шаҳриёр жамоат жойида фуқароларнинг кўз ўнгида ёнидаги пневматик пистолетдан бир неча маротаба ўқ узиб, Жонибекка тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Натижада, пневматик пистолетдан отилган ўқлардан иккитаси Жонибекка тегиши оқибатида у тан жароҳати олган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Шахриёрга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Йиғилишда ёшларнинг ота-она ва жамоатчилик назоратидан четда қолиши оқибатида ўзбошимчалик билан пневматик қурол сақлаши ва ундан жиноят қуроли сифатида фойдаланишига нима мажбур этаётгани таҳлил этилди. Ошкора зўравонлик ва бошқаларни менсимаслик оқибатида жамоат жойида юзага келган бу жиноятда бевосита ота-оналар айбдор. Негаки, ҳали талаб бўлган Шаҳриёр пневматик қурол сотиб олишга маблағни қаердан топган?! Тўқликка шўхлик ёки боласининг кўнглига қараб, унинг хоҳиш ва истакларини амалга ошираётган ота-оналар бунинг салбий оқибатлар келтириб чиқаришини наҳотки билишмаса?!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 декабрдаги “Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, пневматик қурол ички ишлар органларига ҳисобга қўйилиши ва ундан фойдаланиш тартиблари белгилаб қўйилган. Мабодо, пневматик ёки ўқотар қуролга рухсати бор фуқаролар ундан шахсга танжароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят ёки ҳуқуқбузарликларни содир этса албатта, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши тўғрисида иштирокчиларга тушунчалар берди.
Муҳокама йиғилишида ёшларни юриш-туриши ва турмуш тарзини мунтазам назорат қилиш “ота-она-олийгоҳ-маҳалла-ички ишлар органлари” тизимида амалга ошириш бугунги кун талаби эканлиги ўртага ташланди. Бу борада тегишли мутасаддилар масъулиятини ошириш борасида таклиф ва тавсиялар берилди.
Бу борадаги тадбирлар жойларда давом этмоқда.