Қарор ижросига бағишланди
Шаҳрисабз туманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги №701-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ ЙҲХБ, Шаҳрисабз шаҳар, Китоб, Чироқчи, Яккабоғ, Қамаши ва Шаҳрисабз туман ИИБлари, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи уюшма ва транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказувчи, газ баллонларини синовдан ўтказиш ва ўрнатиш билан шуғулланувчи ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда ҳафтанинг ҳар жума куни мамлакатимизда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни” этиб белгилангани, маҳаллий ҳокимият, бошқа давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ҳайдовчи ва пиёдалар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини шакллантириш, уларнинг қоидаларга амал қилишини оммалаштиришга қаратилган самарали тарғибот ишлари мунтазам амалга ошириб келинаётгани таъкидланди. Шундай бўлса-да, йўл-транспорт ҳодисалари ҳамон энг кўп содир этиладиган ҳудудларда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этишни янада кучайтириш лозим.
Кенг жамоатчилик иштирокида жойларда йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаблари ва бунга имконият яратаётган шарт-шароитлар ҳамда уларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чораларни танқидий муҳокама қилинаётгани қайд этилди.
Тадбирда айни кунларда мамлакатимизда бошланган йиллик техник кўрик ишларини сифатли ва самарали амалга оширишга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Жумладан, сиқилган газ ўрнатилган автомашиналарнинг баллонларини бирма-бир синовдан ўтказиш, яроқлилик муддати тугаганларини ҳисобдан чиқариш бўйича газ баллонларини синовдан ўтказиш ва ўрнатиш билан шуғулланувчи ташкилотлар раҳбарларига тегишли тавсия ва йўриқномалар берилди.
Бундан ташқари, ҳар ҳафтанинг жума куни - “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни”да ўрта умумтаълим мактабларида “Йўл ҳаракати қоидалари”ни тизимли равишда кўргазмали қуроллар билан болаларга ўргатиш борасида ҳам жўяли фикр-мулоҳазалар билдирилди.