7 Май 2022 йил 737

"Қaдриятлaри қaдрлaнгaн юрт"

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Қадриятлари қадрланган юрт” мавзусида “Маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар ходимлари, фахрийлар ва ТАТУ Қарши ўқитувчилари иштирок этди. Тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев очди.
-Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Шу боис ўтганларнинг хайрли ишларини, қаҳрамонлиги ва жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизнинг азалий қадриятларидан бирига айланган. Aждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш қон-қонимизга сингиб кетган, - деди бошқарма бошлиғи ўринбосари ўз маърузасида. - Зотан, хотира ўтмишни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр инсонни юксакликка кўтаради, унинг орзу-интилишларига олижаноблик бағишлайди.
Тадбирда сўзга чиққан ТАТУ Қарши филиали ўқитувчиси фалсафа фанлари доктори Асрор Турсунов ҳақиқатан ҳам, бугун Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий – умумхалқ байрамига айланганини, шу боис Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар қатори фронт ортида меҳнат қилганлар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади, дея таъкидлади.
“Устозлар ўгити” мавзусида маъруза қилган истеъфодаги полковник Ниёзмурод Рўзимуродов юрт озодлиги ва тинчлиги учун курашган, шу йўлда жон фидо қилган ватандошларимизнинг ёрқин хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатиш, кексалар ҳолидан хабар олиш, уларни эъзозлаш бугунги авлод учун фарзлигини айтиб ўтди. Республикамиздан ҳам қарийб 2 миллионга яқин одам урушда қатнашиб, 500 минг нафардан зиёд юртдошимиз ҳалок бўлган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам. Бу дард-у аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди”, дея бежизга таъкидламагандилар.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз номи Тошкентдаги ва вилоятлардаги Хотира майдонига ўрнатилган Хотира китобларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимизда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейи бунёд этилган.
Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган, кейинчалик хизматни ички ишлар органларида давом эттирган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Aфсуски, уларнинг аксарияти ҳозир орамизда йўқ. Бутун умрини юрт тинчлигини таъминлашга бахшида этган бу қаҳрамонларимиз ёш авлод қалбига фахр-ифтихор бағишлайди, албатта.
Ҳозирги пайтда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилмоқда.
Йиғилишда кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бош инспектори, майор М.Махматмуродов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрь кунидаги “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3413-сон қарорининг мазмун-моҳияти хусусида маъруза қилади.
Мавзу доирасида мутахасислар иштирокчиларнинг саволларига жавоблар қайтаришди.

Text to speech