Психологик тренинг
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ёш ходимларнинг руҳий зўриқиши, хизматга бўлган иштиёқини ошириш, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда шахсий фикрларини ривожлантириш мақсадида психологик тренинг бўлиб ўтди. Унда бошқарманинг соҳавий хизматлари ва шаҳар-туман ИИБларида хизмат қилаётган ходимлар иштирок этишди.
Дастлаб, руҳий зўриқиш маълум маънода, объектив қонуниятга асосланганилиги, у ҳаётни янада қизиқарли қилиши ҳамда ўзи билан шахс кучини ривожлантириш учун зарур синовлар олиб келиши, инсонни тоблайди. Бироқ руҳий зўриқиш ҳар доим ҳам бизга ижобий таъсир кўрсатавермаслиги, ҳар қандай фаолият самарадорлигини сусайтириши, соғлиққа салбий таъсир кўрсатиб, киши турмуш даражасини пасайтириши ҳақида айтиб ўтилди. Бундай ҳолатда кўпроқ ҳаракатли жўшқин машқлар ва тадбирлар бажариш лозим. Бунда эрталаб ижобий ҳис-туйғулар билан уйғониш, жисмоний ва гимнастик машқлар бажариш, қувонишга интилиш ҳамда тўғри нафас олиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Психогимнастика – ўзини намоён қила оладиган ва нутқсиз муносабатга кириша олишини таъминловчи услуб. Психогимнастика ёрдамида ижтимоий ҳодисаларни идрок қилиш учун энг қулай шароит яратилиши, “тана тили”га эътибор берилиши, таранг, ҳаяжонли ҳолатни пасайтириши, қўрқув ва “мумкин эмас” деган тушунчаларни олиб ташлаши, диққатни ривожлантириши, бошқаларнинг ҳаракат фаоллигини сеза олишни шакллантириши, гуруҳ аъзолари ўртасидаги эмоционал масофани қисқартириши, ўзи ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини, ҳиссий ҳолатини, муаммоларини нутқсиз ифодалашни ҳамда тушунишни шакллантириши тўғрисида тушунтириб ўтилди.
Дастур давомида, “Қалбдаги нохуш асоратлардан қутулиш машқи”, “Ҳаётга қувонч билан муомала қилишни ўрганиш машқи”, “Ижтимоий фойдали фаолиятга халал берувчи тўсиқларни бартараф этиш машқлари” ҳамда “Ўзини ва бошқаларни англаш, тушуниш ва келишмовчиликларни бартараф этиш машқлари” каби мавзуларда тренинг машғулотлари ўтказилди.
Ўтказилган тренинг машғулотларининг асосий мақсади сифатида шахсни психологик, яъни, руҳий жиҳатдан эркинликка чиқариш, иштирокчилар табиий эркинликни ҳис этиши, ўз гуруҳи ва ундан ташқарида ўзаро муносабатларда алоқа ўрната олишни шакллантиришга қаратилди.
Машғулотлар якунида иштирокчиларга миннатдорчилик ҳисси – бизнинг олдимизда чексиз қувват ва ички бойлик манбаига йўл очувчи куч ҳисобланиши, юрагимизни нафратдан халос қилиб – кимдан хафа бўлсак, барчани кечириш, оддий ҳаёт тарзини юритиш ва нимага эга бўлсак, шунинг қадрига етиш ҳақида тушунча берилиб, уларда бу ҳиссиётни уйғотишга қаратилган суҳбат олиб борилди. Ўтилган машғулотлар натижасида иштирокчилар масалан, қариндоши, ўқитувчиси, дўстлари, ҳамкасблари, асар қаҳрамонлари, мусиқачилар каби турли тоифа кишилардан миннатдорликларини баён этди.
Ўтказилган психологик тренинг машғулотлари давомида ходимларга яхши ишлаш, билимли, ўзига ишонган бўлиш ҳамманинг ҳам орзуси эканлиги, ақл бўлмаса кучдан фойда йўқлиги, ақл ва хотирани машқ орқали ривожлантириш мумкинлиги ҳамда улар ўтган ҳаётидаги қувончли ва муаммоли вазиятларни таҳлил қилиб, келажакда шахс сифатида мазмунли ва эркин яшаш тўғрисида ўз фикрига эга бўлишди.