5 Декабр 2022 йил 327

ПРОБАЦИЯ ХИЗМАТИ: ТАҲЛИЛ ВА НАТИЖАЛАР  

 

Яқинда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида вилоят ИИБ ЖХХ Пробация бўлими ва унинг жойлардаги бўлинмалари вакиллари иштирокида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Оила ва хотин-қизлар вилоят бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда вилоят ИИБ ЖХХ Пробация хизмати масъуллари иштирок этди. 

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Азиз Алланазаров  иштирок этиб, бошқарма ЖХХ Пробация хизмати ва унинг жойлардаги бўлинмалари ҳисобида назоратда турган шахсларни тарбиялаш, иш билан таъминлаш, улар томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 84-сон қарори билан Пробация назоратидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича мутасадди идораларнинг ҳамкорлик механизми аниқ белгилаб берилган.

Бу ҳамкорлик доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан белгилаб берилган вазифалар, ҳукумат қарори талабларига вилоятлардаги аксарият мутасадди идоралар томонидан пробация бўлинмалари ҳисобида турган шахсларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Назоратда турган шахслар билан мунтазам профилактик ишлар олиб борилишига қарамасдан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди. Натижада бошқарма Пробация бўлимида назоратда туриб, амалдаги қонун талабларини бузган назоратдаги шахсларнинг жазо тури  жиноят ишлари бўйича суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этишга алмаштирилди. Шу билан бирга йилнинг ўтган даврида назоратдаги шахслар орасида берилган имкониятдан фойдаланиб, тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахслар жазодан муддатидан олдин озод этилди.

Кўлами кенг йиғилишда фаолиятда камчиликларга йўл қўйган мутасадди ташкилотлар масъуллари олдига аниқ вазифалар қўйилиб, келгусида амалга ошириш лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

Text to speech