ПРОБАЦИЯ ХИЗМАТИ: ТАҲЛИЛ ВА НАТИЖАЛАР
Яқинда Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида Пробация бўлими ва унинг жойлардаги бўлинмалари вакиллари иштирокида ўтган йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ИИВ Пробация ва ЖИЭББ пробация хизмати раҳбарияти, бошқарма Пробация бўлими ва унинг шаҳар туман бўлинмалари ҳамда гуруҳлари инспекторлари иштирок этишди.
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси пробация бўлими ва унинг жойлардаги бўлинмалари ҳисобида ўтган йилда уч минг етти юз нафардан ортиқ шахслар назоратга олинган бўлиб, уларни тарбиялаш, иш билан таъминлаш, улар томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди. Назоратда турган шахслар билан мунтазам профилактик ишлар олиб борилишига қарамасдан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди. Булар ахлоқ тузатиш иши ва озодликдан чеклаш жазоси тайинланган шахслар томонидан содир этилгани айтиб ўтилди.
Йилнинг ўтган даврида Пробация бўлими ҳисобида бўлган 1081 нафар шахслар ишга жойлаштирилган. Назоратдаги шахслар орасида берилган имкониятдан фойдаланиб, тузалиш йўлига ўтган 1465 нафар маҳкумлар ўталмай қолган жазо муддатидан илгари шартли озод қилинган. Улардан 85 нафарини аёллар, 393 нафарини ёшлар, 3 нафарини вояга етмаганларни ташкил этади.
Йил давомида 42 маротаба сайёр судлар ташкил қилиниб, уларда 224 нафар маҳкумларлар жазодан озод қилинган. Яратилган имкониятлардан ўзига тўғри хулоса чиқариш ўрнига жазо ўташдан бўйин товлагани учун 138 нафарининг жазоси суд ҳукми билан оғирроғига алмаштирилди.
Жорий йилда Қашқадарё вилояти ИИБ Пробация бўлими ва унинг жойлардаги гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш, ўтган йилда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, хизматнинг ижобий томонларини тарғиб қилиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Йиғилишда ИИВ ЖИЭББ ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи полковник М.Исмоилов иштирок этди.