Пробация: Таҳлил ва натижалар
Қашқадарё вилояти ИИБда бошқарма ЖХХ Пробация хизмати ва унинг шаҳар-туман бўлинмалари ходимларининг жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширган ишлари таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – ЖХХ бошлиғи полковник А.Алланазаров, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи, 1-даражали юрист А.Ниёзов, Пробация хизмати ва унинг шаҳар-туман бўлинмалари ходимлари иштирок этди.
Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида бошқарма Пробация хизмати ва шаҳар-туман ИИБ ЖХХ Пробация (бўлинмаси) ва гуруҳи ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди.
Барча шаҳар-туман ИИБ ЖХХ Пробация (бўлинмаси) ва гуруҳи ходимлари томонидан маҳкумларни ишга жойлаштириш, ишлаётган корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти, муайян фаолият тури билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органлар томонидан ҳукм талаблари қандай бажарилаётганлигини текшириш, назоратда турган шахсларнинг иш ҳақидан давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиниши лозим бўлган чегирмаларни ундириш, маъмурий жавобгарликка тортилганлиги юзасидан ҳар чоракда маълумотлар базасидан текшириш ишлари танқидий-таҳлил этилди.
Бундан ташқари, маҳкумларнинг яшаш жойидан чиқиши чекланган муайян вақтида мазкур тартибга амал қилиши, вақти-вақти билан яшаш жойидаги ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиш мажбурияти, мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланганлиги сабабли маҳаллий ҳокимликлардан ўташи мумкин бўлган жойлар рўйхатини олиш ҳамда қонун талабларига бўйсунмаган шахсларни жазони ижро этиш колониясига қайтариш доирасидаги ишлар муҳокама этилди.
Фаолият давомида шахсий таркибнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка оғишмай риоя этиши, фаолият давомида коррупция ҳолатлари, порахўрлик, тамагирлик ва бошқа ноқонуний ҳолатларга аралашмаслигик, назоратда турган шахслар билан ишлашда хушмуомала бўлиш, инсонпарварлик далолатномасини қўллашда қонунлар доирасидан четга чиқмаслик иштирокчиларга уқтирилди. Хизмат давомида зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётган ходимлар танқид остига олиниб, уларга йўриқномалар берилди. Фаолиятда камчиликларга йўл қўйган ходимлар қаттиқ огоҳлантирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
Қарорининг 57-бандига асосан қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва шартли ҳукм қўлланилган шахслардан хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари, ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари ёки суд томонидан олиб қўйилишининг ҳуқуқий асослари иштирокчиларга тушунтирилди.
Кўлами кенг йиғилишда келгусида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилиб, тегишли қарор қабул қилинди.