Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қашқадарё вилоятидаги Минтақавий вакили Муродулла Нормурадов вилоятдаги 2-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.
Дастлаб минтақавий вакил маҳкумларнинг меҳнат шароитлари билан танишди. Маълум бўлишича муассаса 2300 ўринга мўлжалланган бўлиб, хозирда бу ерда 1036 нафар маҳкум сақланмоқда. Маҳкумарнинг 90% иш билан банд. Уларнинг аксарияти ҳунар ўрганиб, колониядаги ишлаб чиқариш цехдарида қолганлари эса колониядаги хўдалик ишларига жалб этилган.
Мониторинг давомида Муродулла Нормурадов маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитларини ҳам ўрганиб, аниқланган камчиликлар юзасидан ўз тавсияларини берди.
Шунингдек 5 нафар маҳкумнинг илтимосига кўра, улар мурожаатлари яккама-якка тартибда қабул қилинди ва ўрганиш учун олиб кетилди.
Ушбу муассасада Қарши шаҳри худудий 13-сайлов округи сайлов участкаси жойлашган. Ўрганиш жараёнида минтақавий вакилга сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумлар ва сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Муродулла Нормурадов Қарши шахридаги 5-сонли тергов ҳибсхонасига ҳам мониторинг ўтказди.
Аниқланишича, мазкур тергов ҳибсхонаси 500 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда унда 529 нафар маҳкум ва маҳбуслар сақланмоқда. Минтақавий вакил муассасадаги сақланувчилар сони белгиланган сиғимдан ортиб кетгани ҳамда ушбу ҳолатнинг маҳкум ва маҳбусларнинг яшаш шароитларига таъсирини ўрганди.
Теров ҳибсхонасида сақланаётган 18 нафар аёл маҳбуслардан 3 нафари яккама-якка тарзда қабул қилинишини сўради. Шунингдек, яна 10 нафар маҳкум ҳам минтақавий вакил қабулида бўлди. Суҳбат давомида улар асосан суд-тергов жараёни билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳақида мурожаат қилишди. Олинган мурожаатлар ўрганиш учун олиб кетилди.
Шунингдек, 5-сон тергов ҳибсхонасида жойлашган 75-сайлов участкаси ҳам кўздан кечирилди. Тақдим этилган маъдумотларга кўра, ҳозирда муассасада сақланаётганн 491 нафар маҳкум сайлаш ҳуқуқига эга. Қайд этиш лозимки, улар сони ҳибсхонага олиб келинадиган ва уни тарк этадиган маҳбуслар ҳисобидан ҳар куни ўзгариб туриши мумкин. Аниқ сайловчилар рўйхати сайловдан 3 кун олдин эълон қилинади.