Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари жорий йилнинг 9-12 июнь кунларии Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри Касби, Муборак, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Ғузор туманларида сайёр қабул ўтказишди.
Сайёр қабулда нафақат юқорида номлари келтирилган балки вилоятнинг бошқа туманлари аҳолиси ҳам иштирок этишди. Унда 306 нафар фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Қабулда иштирок этган фуқаролардан 161 та мурожаат тушди.
Бевосита очиқ мулоқот руҳида ўтказилган қабул жараёнида мурожаатларнинг 70 таси ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 57 та мурожаатлар кўриб чиқиш учун тегишли мутасадди идоралар вакиллари томонидан назоратга олинди. 34 та мурожаат бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мурожаатларда асосан фуқаролик олиш, биометрик паспорт расмийлаштириш, соҳа ходимларига миннатдорчилик, ИИОга ишга тиклаш ёки ўқишга қабул қилиш, терговга қадар текширув ҳамда суриштирув ҳаракатларидан норозилик масалалари кўтарилди.
Тадбирда 4 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Ички ишлар органларига ишга кириш истагини билдирган 9 нафар номзодлар хизматга қабул қилинди.
Сайёр қабул доирасида Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник Хабибулла Бозоров Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Нарзулла Жумановнинг ва хизмат вазифасини бажариш вақтида халок бўлган Азиз Аннақуловнинг оиласи ҳолидан хабар олди, уларга зарурий озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж маҳсулотлари берилди.