22 Сентябр 2021 йил 556

Ота айбланувчи, хотин жабрланувчи, фарзандлар аро йўлда

 

Нишон тумани “Орзу бўстони” МФЙда содир этилган қотиллик жинояти юзасидан муҳокама йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухратжон Сатволдиев, тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, “Оқ-олтин” МФЙ фаоллари ва жиноят содир этган шахснинг оила аъзолари иштирок этишди. 

   Муҳокама йиғилишида вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухратжон Сатволдиев қотиллик тафсилотларига тўхталаркан, шу йил 18 сентябр куни Нишон тумани “Оқ-олтин” МФЙда яшовчи, 4 нафар фарзанднинг отаси, 2020 йилдан вилоят Асаб-руҳий касалликлар диспансирида ҳисобда турувчи У.Х. турмуш ўртоғи Х.Д. ҳамда вояга етмаган қизи Р.М.ни қишлоқ ҳудудида жойлашган қабристонга “Дамас” русумли автомашинада олиб борганини таъкидлади. Турмуш ўртоғига “сен бегона эркаклар билан бирга юрасан, агар бегона эркаклар билан бирга юрмасанг, қасам ич” деб ошхона пичоғи билан вояга етмаган қизи ва турмуш ўртоғига санчиб тан жароҳати етказган. Натижада хотини  Х.Д. ва вояга етмаган қизи Р. М. воқеа жойида вафот этган.

         Ҳолат атрофлича ўрганилганда 2020 йил 23 октябрь куни марҳум уй бекаси Х.Д. турмуш ўртоғи У.Х.нинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Нишон тумани ИИБга ариза берган. Ариза юзасидан туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Ҳолат юзасидан эр У.Х.нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддасига асосан тўпланган хужжатлар Маъмурий судга юборилиб, томонларнинг ўзаро ярашганлиги муносабати билан огоҳлантириш билан тугатилган. Орадан икки ойга яқин вақт ўтиб, яъни, 2021 йил 15 январь куни МФЙ раисининг билдириш хатига асосан Х.Д. турмуш ўртоғи У.Х. билан ўзаро оилавий келишолмай келаётгани боис, профилактика инспектори томонидан 2021 йил 16 январ куни аёлга ҳимоя ордери берилган. Оилавий низо барҳам топавермагач, эр бўлмиш У.Х. 2020 йил ноябрь ойида ва 2021 йилнинг январь, февраль ва май ойларида вилоят Асаб-руҳий касалликлари диспансерига даволаниш учун ётқизилган. Фуқаро У.Х.га вилоят ТМЭК томонидан ногиронлик берилган.

 Шунингдек, Нишон тумани ҳудудида ўтказилиб келинаётган “Хавфсиз худуд” махсус профилактик тадбири давоми фуқаро У.Х.нинг яшаш хонадонига 2021 йил 16 сентябрь куни профилактика инспектори ва МФЙ раиснинг ўринбосари бирга бориб, фуқаро У.Х. билан профилактик суҳбат ўтказилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Муҳокамада иштирокчиларга жиноятнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг барвақт олдини олиш масаласи устувор вазифа эканлиги уқтирилди. Бунда маҳалла фаоллари, қариндошлар, қўни-қўшнининг бефарқлиги жиноятни келиб чиқишига  сабаб бўлган асосий омил сифатида таъкидланди. Жиноятни юзага келишига шарт-шароит яратган омиллар юзасидан тегишли мутасадди идоралар ва маҳалла фаоллари огоҳлантирилиб, келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Text to speech