Осойишталик посбонлари – замонамиз қаҳрамонлари
Қашқадарё вилояти ИИБда
“Осойишталик посбонлари – замонамиз қаҳрамонлари” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб
ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар
ходимлари иштирок этди. Уни вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғи ўринбосари,
подполковник Ихтиёр Худойқулов
очди.
Мавзу юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ РЭМ бошлиғи,
подполковник Мақсуд Самадов сўзга чиқиб, Муҳтарам Президентимиз Шавкат
Мирзиёев “Агар давлат таянадиган асосий
устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу –
ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади” дея бежизга таъкидламаганини
билдирди.
Бугун дунёда ҳукм сураётган мураккаб ва таҳликали шароитда
мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва
ҳамжиҳатликни таъминлаш қанчалик муҳим вазифа эканлигини барчамиз кўриб, билиб
турибмиз. Бунда ички ишлар органлари ходимлари ҳар доим давлатимиз ва
жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат олиб боришмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги концепцияси
ҳамда 2022–2025-йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш
стратегияси асосида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан
янги босқичга кўтаришга қаратилган замонавий иш услублари амалиётга татбиқ этилмоқда.
Ҳудудларда профилактика инспекторлари жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг
сабабларини бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарликларнинг “маҳаллабай” ва
“хонадонбай” муҳокамаларини кенг жамоатчилик иштирокида ўтказмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги ҳар бир маҳаллада хизмат олиб
бораётган профилактика инспекторлари ҳудуд фуқароларининг текширувчи ёки
назоратчиси эмас, балки барча ҳаётий масалаларда аҳолига кўмакчи, чинакам
елкадош, ёнма-ён турадиган яқин инсонга айланиб улгурди. Айниқса, ҳудудларда
хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар кўп сонли
опа-сингилларимизнинг маслаҳатчиси, ҳимоячиси ва кўмакдоши сифатида қатор
амалий ишларни олиб боришмоқда.
Бугунги кунда ички ишлар органларининг тергов, жиноят
қидирув, жамоат тартибини сақлаш, патрул-пост, кинология, йўл ҳаракати
хавфсизлиги, пробация, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, транспортда
хавфсизликни таъминлаш, эксперт-криминалистика, маънавий-маърифий ишлар ва
кадрлар билан таъминлаш, молия, тиббиёт сингари қатор соҳавий хизматларда фаолият
кўрсатаётган ходимлар, вазирлик тизимидаги ҳарбий хизматчилар ҳамиша ўз ороми,
тинчи, ҳузур-ҳаловати, керак бўлса жонидан кечиб, Ватанимиз, халқимиз тинчлиги
ва осойишталигини сақлаш ва ҳимоя қилишдек улуғ вазифаларига ҳамиша собит.
Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил
асосида олиб бораётган ислоҳотлар ривожига муносиб ҳисса қўшаётирлар. Зотан,
юраги шу юрт тақдири, унинг бугуни, эртаси, ташвиши билан уриб турган ҳар бир
инсон учун Ватан тинчлиги, осойишталиги ҳамма нарсадан устундир. Уни кўз
қорачиғидек асраб-авайлаш, қадрлаш эса муқаддас бурч, шарафдир. Ички ишлар
органлари ходимлари ана шу улуғ мақсад йўлида бел боғлаб хизмат қилаётган,
ҳамиша халқ билан ҳамнафас яшаётган орамиздаги қаҳрамонлардир.
Тадбирда бошқарма ТҚХ Киберхавфсизлик бўлими бошлиғи, майор
Акром Убайдуллаев “Кибержиноятчиликка қарши киберхавфсизлик”, ММИ ва КБТХ бош
инспектори капитан Хамза Ниёзов ички ишлар органларида коррупцияга қарши
курашиш ва уни олдини олишга доир қонунлар, қарорлар тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига
маълумот беришди.
Якунда “Е-ижтимоий ҳимоя.иив.уз” электрон платформасига оид
видеофильм иштирокчиларга намойиш этилди.