25 Март 2021 йил 557

Ошкора безорилик: сабаб ва моҳият

 

ИИВ Қашқадарё академик лицейида Қарши шаҳар “Шодлик” МФЙдаги кафеда содир этилган тан жароҳати жинояти юзасидан муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, Қарши шаҳар ИИОФМБ раҳбарияти ҳамда маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари, жиноятга қўл урган ёшларнинг ота-оналари иштирок этди.

         Таъкидландики, кейинги пайтларда тунги клублар, кўнгилочар масканлар ва кафе-барларнинг белгиланган вақтдан ташқари бемаҳалгача ишлаши овқатланиш ёки бошқа мақсадларда келган ёшларни ўзига жалб этмоқда. Спиртли ёки бошқа одамни сархуш қилувчи ичимликлар таъсирида бўлган ёшлар  арзимаган баҳоналар билан ўзаро жанжаллашиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузмоқда.

         Содир этилаётган аксарият безорилик жиноятларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар кўпинча ота-она назоратидан четда қолмоқда. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, бола неча ёшга тўлишидан қатъий назар ота-она учун бола бўлиб қолади. Қолаверса, бир болага етти маҳалла ота-она деган халқимизнинг доно нақлидан келиб чиқадиган бўлсак, ёшлар назоратида барча собитқадам бўлиши кўплаб жиноятларнинг олдини олишда қўл келиши тайин.

Муҳокамада жамоат жойида, кўпчиликнинг кўз ўнгида содир этилаётган жиноятларни асосан бирор жойда ишламайдиган, ота-она ва маҳалла-куй назоратидан четда қолган ёшлар содир этаётгани айтиб ўтилди. Қолаверса, маҳалла фаоллари, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти вакиллари ишсиз ёшларни рўйхатга олиб, бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётгани танқид остига олинди. Келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши борасида тегишли мутасадди идоралар вакилларига тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.

 Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech