1 Феврал 2025 йил 767

“Қонунийлик – давр талаби”

Қашқадарё вилояти ИИБда  “Қонунийлик – давр талаби” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари иштирок этди. Уни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Талат Маматкулов очди.

Тадбирда бошқарма ТБ юридик таъминлаш гуруҳи етакчи юрисконсульти, майор Элёр Норманов мавзу доирасида маъруза қилди. Вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бош инспектори, капитан Хамза Ниёзов ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиш, шахсий таркиб билан боғлиқ содир бўлган салбий ва фавқулодда ҳолатлар ва уларни олдини олиш борасидаги иштирокчиларга тегишли тушунча ва тавсиялар берди. Сўнгра, иштирокчиларга маърифат соати рукнида видеоролик намойиш этилди. Якунда ички ишлар органлари ходимларига навбатдаги ҳарбий унвонлар тантанали равишда топширилди. АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ҳеч бир бино Капитолий тепалигида жойлашган мамлакат Конгресси, яъни қонун чиқарувчи орган – парламенти биносидан баланд бўлмаслиги керак деган нақл юради. Бунинг боиси мамлакатда қонун барча нарсадан устун бўлиши кераклиги билан изоҳлашади. Қадимги юнон файласуфи Арасту давлат бошқаруви асосида қонунлар ётиши керак дея таъкидлаган. Чунки ҳатто энг яхши ҳукмдор ҳам ҳиссиётга, руҳий ҳаяжонга берилиши мумкин, қонун эса «мувозанатланган ақл»дир деб ҳисоблаган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатдир. Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси, принципи эса – бу қонун устуворлиги. Ушбу принцип инсон ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқ. Зеро, қонунлардан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат. Яна Бош қомусимизга мурожаат этадиган бўлсак, унинг 15- моддасига кўра, юртимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишлари лозим. Демак, республикамизда қонун устуворлигини белгиловчи ҳуқуқий база мавжуд экан. Хўш, бу қоидалар қоғозда қолиб кетмаслиги учун мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устуворлиги қай йўсинда таъминланади?

Ҳуқуқий давлатда ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши мумкин. У давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Жамият ҳаётида қонунийликни таъминлашда прокуратура органлари зиммасига ҳам улкан масъулият юкланган. Чунки Бош қомусимизнинг 143-моддасига асосан, мамлакатимиз ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Юртимизда қонунийликни таъминлашда ички ишлар органларининг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунида ушбу соҳа ходимларининг асосий вазифаларидан бири сифатида айнан қонун устуворлигини таъминлаш ҳам кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, улар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини амалга ошириш орқали ҳам жамиятда қонунийлик ҳукм суришига ҳисса қўшишади.

Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, жамиятда қонунийликни таъминлаш давлат идоралари ходимларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, қонунларга амал қилиш борасида биринчи галда мансабдорларнинг ўзлари намуна бўлишлари лозим. Амалдорлар қонунбузарлик содир этсалар, давлатнинг обрўйига путур етказадилар.

Text to speech