Қонун устуворлиги – халқпарвар давлат таянчи
Қашқадарё вилояти ИИБда
“Қонун устуворлиги – халқпарвар давлат таянчи” мавзусида “Маънавият ва маърифат
дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар
ходимлари ҳамда Қарши давлат университети ўқитувчиси иштирок этди. Уни вилоят
ИИБ бошлиғининг ўринббосари - маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан
таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник Талат Маматқулов очди.
Тадбирда сўз олган ташкилий бошқарма юридик
таъминлаш бўлими етакчи юрисконсульти майор Элёр Норманов бугунги шиддат билан
ривожланаётган глобаллашув жараёнида жамиятнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий
масалалари ҳамда муаммоларини қонун устуворлигини таъминлаган ҳолда ҳал этиш
замон талабидир, деди.
Соҳибқирон Амир Темур
«Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва
таркиби йўқолади», деб бежиз таъкидламаган.
Қонун устуворлиги, ўз
навбатида, қонун олдида тенгликни, уни қўллашда адолатлиликни, ҳокимиятнинг
бўлинишини, жамият ҳаётига алоқадор қарорлар қабул қилинишида уларнинг иштирок
этишини, қонунлар қабул қилинишида ўзбошимчаликларга йўл қўйилмаслигини,
уларнинг шаффофлигини тақозо этади.
Бунга аҳолининг давлат
хизматларидан фойдаланиш сифатини ошириш, коррупцияга сабаб бўлувчи омилларга
чек қўйиш, ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам бериш
натижасида жамият аъзолари ва давлат ўртасидаги ишонч кўприкларини мустаҳкамлаш
орқали эришиш мумкин.
Давлат раҳбарининг
тегишли фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам айнан
юқоридаги мақсадларга эришиш борасида бир қатор долзарб вазифалар, аниқ
йўналишлар белгилаб берилган. Хусусан, ислоҳотлар самарадорлигини ошириш,
давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш
ҳамда халқ фаровонлигига эришиш шулар жумласидандир.
«Биз ислоҳотларимизнинг
илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф
этдик. Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини
муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш
орқали халқимизни рози қилиш», – дея таъкидлаган эди Президентимиз. Бугунги
кундаги асосий мақсад ҳам қонун ижодкорлиги фаолиятида барча ғояларнинг
марказига инсон ҳуқуқларини қўйиш орқали янгича ёндашувлар билан қонун
устуворлигини таъминлашдир.
Мустақиллигимизни
асраш, эркин ва фаровон ҳаётга эришиш, халқпарвар давлат барпо этиш учун, ҳеч
шубҳасиз, қонун устуворлиги таъминланиши керак. Зеро, қонун устувор бўлган
жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади. Бундай жамият эса халқпарвар
давлатнинг таянчи ва суянчига айланади.