21 Октябр 2023 йил 2462

Она тилим – жону дилим

Қашқадарё вилояти ИИБда  Она тилим – жону дилим”  мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари иштирок этди. Уни вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғи ўринбосари, подполковник Шермухаммад Муслимов очди. 

Мавзу юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ  Ахборот хизмати раҳбари  подполковник Ирода Расулова сўзга чиқиб, бугун миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз бизни юксак маънавиятга, маърифатга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъмат Ўзбек тилига давлат мақоми берилганига 34 йил тўлганлигини билдирди.

Сўнгги йилларда давлат тилининг обрўсини кўтариш юзасидан давлат аҳамиятига молик саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 10-апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Унга мувофиқ 21-октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. 2020-йил 20-октябрьда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон асосида қабул қилинган “2020–2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси”да ўзбек тилини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари белгиланган.

Шунингдек, унда ўзбек тилини барча соҳаларда қўллаш доирасини кенгайтириш, ундан давлат тили сифатида тўлиқ ва тўғри фойдаланишни таъминлаш мақсадида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юрита олиш даражасини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш, масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатларини жорий этиш, барча вазирлик ва идораларда идоралараро ҳужжатлар айланиши давлат тилида бўлишини тўлиқ таъминлаш назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, она тилимиз бўлган ўзбек тилининг нуфузини ошириш, жамиятда давлат тилига ҳурмат-эътибор ва меҳр-муҳаббат муҳитини шакллантириш учун барча имкониятлар мавжуд, меъёрий ҳужжатлар ҳам етарли. Эндиги вазифа Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тили-мизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим.

Якунда бошқарма ТҚКБ бўлим бошлиғи, майор Фирдавс Мухаммадиев ҳафта мобайнида дунёдаги ижтимоий-сиёсий вазият тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига маълумот берди. Сўнгра, “Грипп касаллиги ва унинг асоратларидан огоҳ бўлинг!” мавзусида  вилоят ИИБ ДПМ ТБ СЭНМ бошлиғи майор Р.Даминовнинг тавсиявий маърузаси тингланди.

Text to speech