Она тили – миллат қиёфасининг бир бўлагидир
Қашқадарё вилояти ИИБда бўлиб ўтган навбатдаги Маърифат дарси она тилимизнинг мавқеини кўтариш, илмий асосда ривожлантириш, унинг қўлланилиш доирасини кенгайтиришга бағишланди. “Постда- На посту” газеталарида Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси подполковник Хуршидбек Рўзиев муаллифлигида чоп этилган “Она тили – миллат қиёфасининг бир бўлагидир” мавзусидаги мақолада келтирилган фикр-мулоҳазалар иштирокчиларга етказилди.
Жамики жонзотлар учун тоза ҳаво, қуёш нури ва сув ҳаётий зарурат бўлганидек, миллатнинг бардавомлигини она тилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Инсонга инъом этилган жамики эзгу фазилатлар унинг қалбига, аввало, волида алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.
Дунёда тиллар кўп. Ҳар бир миллатнинг тили унинг бебаҳо қадрияти – маданий мероси ҳисобланади. Бу жиҳатдан қараганда, муайян тилда сўзлашадиган миллат вакилларининг сони у қадар муҳим аҳамият касб этмайди. Асосий мезон тилнинг асрлар давомида сайқалланиб, шакллангани, муайян ҳудудда яшайдиган аҳолига муомала воситаси сифатида хизмат қилгани билан белгиланади.
Сўз мулкининг султони ҳазрат Мир Алишер Навоий она тилимизнинг мавқеини кўтармоқ, миллатнинг шаънини юксалтирмоқ учун “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўзбек тилининг кенг имкониятлари, жозибаси, бойлиги, қудрати, ўша замоннинг адабий тиллари қаторидан ўрин олишга қодир ва ҳақли эканлигини илмий томондан исботлади.Бу борада “Давлат тили ҳақида”ги қонун ўзбек тилининг илмий асосда ривожлантириш борасида кенг имкониятлар яратди, унинг қўлланилиш доирасини кенгайтирди. Она тилимизнинг мавқеи ошиши ва равнақ топиши, янада такомиллашуви учун ҳуқуқий асос бўлди.
Ички ишлар органларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ушбу жараёнда мазкур тизимда ҳам давлат тилида иш юритишга доир бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, ҳар бир ички ишлар органида давлат тилида иш юритиш масалалари ҳам доимий эътиборда.
Бугунги кунда жамиятда ёшларни маънавий баркамол ва ақлан етук қилиб тарбиялашда она тилимизнинг ҳиссаси беқиёс. Катта-ю кичик тилимизни ўқиб-ўрганиши, ёшларда бу борада зарурий кўникмаларни шакллантириш барчамизнинг бурчимиз.