19 Июн 2021 йил 673

Оммавий ахборот воситалари – жамият кўзгуси

 

 

 Қашқадарё вилояти ИИБда “Оммавий ахборот воситалари – жамият кўзгуси” мавзусида “Маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда бошқарма соҳавий хизматлари ходимлари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Мусулмонлар идорасининг вилоят бўлими ҳамда  Жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари вакиллари иштирок этди. Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник Х.Бозоров очди. 

Бугун ахборот оқимининг шиддатини кўпчилик яхши ҳис қилади. Уни тўсиб қўйишга ҳар қандай куч, қудрат ожизлик қилишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ахборот фақатгина бирон-бир воқеа-ҳодиса юзасидан маълумот етказиш, кишиларни янгилик ёки ўзгаришлардан воқиф этиш воситаси эмас, бугун ахборот ва коммуникация моддий, маънавий, ижтимоий соҳаларнинг ривожига туртки берадиган, ҳатто ҳал қилувчи роль ўйнайдиган даражага етди.

Биринчи жадидлар нашри – “Тараққий” газетаси Тошкент шаҳрида Исмоил Обидов муҳаррирлигида, 1906 йил 27 июндан эътиборан чоп этила бошланган. Айнан шу сабабдан ҳам 28 йилдирки, Ўзбекистонда 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” сифатида нишонлаб келинади.

- Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини самарали ва сифатли таъминлаш йўналишида қатор ишлар олиб борилмоқда. Айнан шу мақсадда 3 йил муқаддам Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди, - деди йиғилишда сўзга чиққан бошқарма Ахборот хизмати раҳбари подполковник И.Расулова. - 2018 йил 28 ноябрида Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтган йиғилишида давлатимиз раҳбари юртимизда ҳарбий журналистикани ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берди. Натижада 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ҳарбий журналистларни тайёрлаш йўлга қўйилди.

Шунингдек, ички ишлар органларида ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, холис ва ҳаққоний ахборотларни халққа тезкор етказиш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги тизимларида Ахборот хизматлари йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ахборот хизматлари тизим фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бормоқда. Ўз навбатида бу тизимда очиқлик, шаффофлик ва ошкоралик асосида иш юритилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, энг муҳими, осойишталик барқарорлиги мустаҳкамланмоқда.

Text to speech