ОДАМ САВДОСИ – ДАВР МУАММОСИ
Бугун инсоният ҳаётига жиддий хавф солиб турган глобал муаммолар орасида одам савдосидек жирканч иллат ҳам борлиги ачинарли. Энг ёмони, одамлар ҳавойи нафс илинжида ўз жигаргўшасини пуллашдан ҳам тап тортмаётир. Жумладан, Қарши шаҳрида яшовчи Э.Н. шу йил 25 март куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда Нишон тумани туғруқ комплексида навбатчи доя лавозимида ишловчи Ш. исмли аёл бир ҳафта олдин туғилган чақалоқни сотмоқчи эканини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
2020 йил 25 март куни соат 15:00 ларда Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари Қарши шаҳар “Самарқанд” МФЙ И.Каримов кўчасида жойлашган 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби рўпарасида, Қарши туманида яшовчи, Нишон туман туғруқхонасида доя бўлиб ишловчи Х.Ш. ва Нишон тумани Ғ.Ғулом МФЙда яшовчи Ч.Г. 4.000.000 сўм пул эвазига 2020 йил 13 март куни Нишон тумани туғруқхонасида туғилган қиз чақалоқни тадбирда харидор сифатида иштирок этган Э.Н.га берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки суриштирувлар давомида Х.Ш. Ч.Г. нинг қизи Б.Ч.ни Нишон тумани туғруқ комплекси мудири Нишон туманида яшовчи С.Н. билан бирга 5.000.000 сўмга сотиб, Ч.Г.га туғиш ҳаражатларини беришмоқчилигини билдирган. Х.Ш.нинг кўрсатмасига асосан, 2020 йил 25 март куни соат 20:30 ларда Нишон туманида жойлашган бекатда навбатчи доя Х.Ш. мудир С.Н. билан учрашиб, унга қиз чақалоқни сотишдан тушган 4.000.000 сўм пулларни берган вақтида Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ушланган.
Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Х.Ш. ва бошқаларга нисбатан Ўз.Р ЖКнинг 135-м. 3-қ “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.