“Нурли маскан” ва ВЕИҲЁКМда тарбияланаётган ўқувчилари Янги йил байрамида
Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси тасарруфидаги 18-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернати ўқувчилари учун Қарши шаҳридаги Фаровон чойхонасида Янги йил байрами ташкил этилди. Тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти бошқарма ЖХХ ВЕИҲЁКМда сақланаётган вояга етмаганлар ва икки юз етмиш бир нафар ўқувчилар ҳамда мактаб педагогик жамоаси иштирок этишди.
Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Азиз Алланаров барча “Нурли маскан” ўқувчи ва ўқитувчиларини Янги йил байрами билан табриклаб, ўқувчилар келгусида ўз билими ва иқтидори билан Ватан равнақига муносиб ҳиссаларини қўшишига ишонч билдирди.
-Янги йил барча орзиқиб кутадиган, болажонлар шўх-шодон ўйнаб куладиган байрам, - деди “Нурли маскан” мактаб интернати директори Гулбаҳор Хамидова. - Шу боис бу байрамни бошқалардан кўра болажонлар кўпроқ орзиқиб кутади. Мактабимиз вилоят ички ишлар бошқармаси тасарруфига ўтгач, ҳар бир байрам алоҳида нишонланиб келмоқда. Ўз навбатида бу ўқувчиларимизга ўзига хос мотивация бермоқда.
Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан айтилган она Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ва қўшиқлар байрамга ўзгача файз бағишлади.
Тадбирда Қорбобо томонидан улашилган совғалар, турли кўринишдаги эртак қаҳрамонларининг чиқишлари ва воҳадаги таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари болажонларда катта таассурот қолдирди.