29 Июл 2023 йил 693

Новeрбал ҳаракатлар ва шахс психологияси

 

Қашқадарё вилояти ИИБда  “Новeрбал ҳаракатлар ва шахс психологияси” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари, иштирок этди. Уни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Шермухаммад Муслимов очди. 

Тадбирда сўзга чиққан  Қарши давлат университети Психология кафедраси доценти  Зохид Рахматов психология инсонлар орасида ҳаёт кечиришимиз иродамизга қарши турли шароит, ҳолатларни ўрганиш учун одамларнинг руҳиятини тушунишни, ўзимизнинг руҳий ва шахсимизга хос алоҳида хусусиятларимизни ўрганишимизни талаб қилишини таъкидлади.

Бошқалар билан кўп мулоқот қилган инсонларни биз “энг зўр психолог” деб эътироф этамиз. Ҳар бир инсон ўзича психолог ҳисобланади, чунки ҳаёт уни шунга мажбур қилади. Муҳими, атрофимиздаги инсонлар нимага мойиллиги, биздан нимани хоҳлашаётгани ёки қандай ҳаракатни кутишаётганини аниқлаш.

Бунинг учун шахснинг хулқи, мотивлари, характери, мижози, қобилиятлари, хотираси, иродаси, тафаккур жараёнларини инобатга олиш талаб этилади. Психология ички ишлар органлари ходимларининг бевосита фаолияти билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш вақтида шахслар билан бўладиган мураккаб муносабатларда, мулоқот жараёнида хизмат ваколатини суиистеъмол қилишнинг, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этишнинг, хато ва камчиликларнинг олдини олиш усул ва воситаларини ўргатади.

Аҳамиятли тарафи, ҳар бир ходим аввало ўз имкониятлари, камчиликлари, ютуқлари ҳамда ўзининг психологик хусусиятларини аниқ билиб, вақти келса ташхис қўйиб, тавсифлай олиши зарур ҳисобланади. Биз ўзимизни қанчалик яхши англасак, бошқа инсонларни шунчалик яхшироқ тушуна бошлаймиз. Демак, психологиянинг марказий тушунчаси бу шахс.

Психологик таъсир турли воситалар ёрдамида инсонларнинг фикрлари, ҳиссиётлари ва хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсата олишдир. Ижтимоий психологияда психо¬логик таъсирнинг асосан уч воситаси фарқланади.

Булар - вербал таъсир — бу сўз ва нутқимиз орқали кўрсатадиган таъсир - асосий воситалар сўзлардир. Паралингвистик таъсир — бу нутқни безовчи, кучайтирувчи ёки сусайтирувчи омиллар. Новербал таъсир. Бунга суҳбатдошларнинг нутқсиз, фазода бир-бирларига нисбатан тутган ўринлари, ҳолатлари, қилиқлари, мимика, пантомимика, қарашлар, бир-бирини бевосита ҳис қилишлар, ташқи қиёфа, ундан чиқаётган турли сигналлар (шовқин, ҳидлар) киради.  Биринчидан, инсон 70 фоизга яқин маълумотни кўриш, кузатиш каналлари орқали (визуал) қабул қилади. Иккинчидан, новербал сигналлар суҳбатдошнинг ҳақиқий ҳислари ва фикрларини тушунишни тақозо этади. Учинчидан, бизнинг суҳбатдошга муносабатимиз кўпинча биринчи таассурот орқали шаклланади.

Тадбир якунида  Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга  қарши курашиш  агентлиги буюртмасига биноан тайёрланган “Талваса” номли бадий фильм иштирокчиларга намойиш этилди.

 

Text to speech