Ноябрь - “Кексалар учун туризм ойлиги”
Вазирлар Маҳкамасининг “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мана тўрт йилдирки, юртимизда ҳар йили ноябр ойлиги – “Кексалар учун туризм ойлиги” сифатида белгиланиб, нуроний фахрийларнинг юртимиздаги диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга саёҳати ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, ички ишлар органлари фахрийлари ҳам бундан мустасно эмас. Тизимда фахрийлар ва уларни оила аъзоларини саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш ва қўшимча қўллаб-қувватлаш, кекса авлод вакилларини она Ватан осойишталиги ва юрт тинчлиги йўлидаги узоқ йиллик меҳнатини инбобатга олган ҳолда уларга эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатиш диққат-марказда турибди.
Ойлик доирасида яқинда вилоят ички ишлар бошқармасининг бир гуруҳ фахрийлари вилоят маънавият ва маърифат бўлимига таклиф этилиб, уларга ойлик моҳияти тушунтирилди. Сўнгра, Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳига саёҳати ташкил этилди.
Тадбирда ички ишлар органлари фахрийларига зиёратгоҳ масъуллари томонидан обиданинг юзага келиши ва яратилиш тарихига оид маълумотлар берилди.
Ҳам руҳий қувват, ҳам маънавий билимини бойитган ходимлар зиёратгоҳдан бир олам таассурот олишди.
Бу борадаги ишлар вилоятнинг шаҳар-туманларида давом этмоқда.