Назоратдаги шахслар рағбатлантирилди
Шаҳрисабз шаҳрида Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Бекмурод Абдуллаев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Ички ишлар бошқармаси Пробация хизмати ҳисобида турган шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзи, уларда ҳалол меҳнатга муносабатни шакллантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларини аниқлаб, моддий ва маънавий кўмаклашиш борасида соҳа ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Жамиятда содир этилаётган жиноятлар таҳлил қилинганда аксарият ҳолатда шахс муқим ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаслиги, эҳтиёжи ва сарф-харажатлари учун етишмовчиликлар пайдо бўлиши оқибатида жиноят содир этиши кузатилади. Оила турмуш доирасидаги жиноятлар эса оилада, қўни-қўшнилар, яқинлар, таниш-билишлар орасида доимий равишда пайдо бўлаётган зиддиятли муносабатлар, келишмовчиликлар, уй-жой масаласи, мулкий низолар ҳамда муаммолар ўз вақтида ҳал этилмасдан, қонуний ечимини топмаганлиги оқибатида содир этилмоқда.
Шу боис Пробация хизмати ҳисобида турган шахслар қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, уларни соғлом турмуш тарзига мослаштириш мақсадида назоратда турган ҳар бир шахснинг яшаш хонадонларига ташриф буюриш жараёнида уларнинг оиладаги муҳити, муаммолари ўрганилиб, ваколат доирасида ҳал этиш чоралари кўришда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар балки, вилоят ва шаҳар-туман ҳокимликлари, МФЙ, кенг жамоатчилик, Ёшлар иттифоқи, тиббиёт муассасалари мутахассислари жалб этилиши ўз самарасини бериши таъкидланди.
Тадбирда қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган қоидаларга амал қилиб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлаётган, маҳаллада ва оилада намунали хулқи билан ўрнак бўлаётган бир гуруҳ назоратдаги шахсларга ИИВ ўринбосарининг “Ташаккурнома”си ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган икки нафар ёшларга тикув машинкаси, компюьтер жамланмаси берилди.