27 Январ 2024 йил 864

“Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги, ички ишлар органлари масъул ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, танловнинг шаҳар-туман босқичи ғолиблари иштирок этишди.

Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Завқиддин Хўжанов очди.

Шундан сўнг танлов ҳайъати томонидан ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг кундалик ва маиший муаммоларини бартараф этиш борасида маҳалла еттилигининг кўргазмали иш-фаолияти ўрганиб чиқилди.

Якуний натижаларга кўра, танловнинг “Намунали маҳалла ҳуқуқ тартибот масканлари” номинациясида Чироқчи тумани, “Мустақиллик” маҳалласидаги 6-сонли “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” профилактика инспектори, капитан Жасур Жумаев ғолиб деб топилди.

Навбатдаги совринли ўринлар эса Қарши шаҳар, “Ойдин” маҳалласининг 1-сонли “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” профилактика инспектори, катта лейтенант Асқар Маматов ва Китоб тумани “Пахтаобод” маҳалласининг 3-сонли “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” профилактика инспектори, катта лейтенант Йигитали Ғаниевга насиб этди.

Кўрик-танловнинг “Энг фаол сектор раҳбари” номинациясида Миришкор туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Мусурмон Бўриев томонидан амалга оширилган ишлар юқори баҳоланиб, ғолиблик дипломи ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Бундан ташқари “Энг фаол профилактика инспектори”, “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг фаол ҳоким ёрдамчиси”, “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор”, “Энг намунали хотин-қизлар фаоли”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”, “Энг фаол вояга етмаганлар масаласи бўйича инспектор-психолог”, “Энг фаол пробация хизмати инспектори”, “Энг фаол ЙПХ инспектори”, “Энг фаол ППХ инспектори” каби 11 та номинациялар бўйича ғолиблар ҳам аниқланди.

Кўрик-танлов ғолиби ва совриндорлари диплом, қимматбаҳо совға ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Text to speech