21 Май 2020 йил 886

НАФСИГА ҚУЛ ФИРИБГАР

Ҳаётда ҳар бир ота-она фарзанди камолини кўриш, келгусида халқ манфаатига хизмат қиладиган оқил, маърифатли инсон бўлиб етишишини хоҳлайди. Бунинг учун бор имкониятларини ишга солиб, фарзандини тарбияли қилиб улғайтириш, яхши таълми масканида ўқитишга ҳаракат қилади. Жумладан, Китоб тумани Алақўйлиқ қишлоғида яшовчи Элмуродова Дилноза Норқуловна ҳам  қизи – Гулнигор Бекмуродованинг ички ишлар органлари хизматига қизиқишларини инобатга олиб, ИИВ Қашқадарё Академик лицейида ўқиши учун ҳужжат топширтиради.

Оддий қишлоқ аёли қизи билан лицей қабул ҳайъатига ҳужжат топширганлигини кузатиб турган нотаниш эркак она болани тузоғига туширишга уринади. Фирибгарликнинг анча-мунча ҳадисини олган бу шахс Дилноза Элмуродовага “Мен вилоят ички ишлар бошқармасида ишлайман, исмим Жахонгир, сизни қизингизни 2500 АҚШ доллари эвазига ИИВ Қашқадарё академик лицейига ўқишга киритиб қўяман” – дейди. Бир неча йиллардан буён қўшимча дарсларга қатнаб, фан сирларини мукаммал ўрганиб келаётган қизининг билимига ишонган она фирибгардан қутулиш учун унга хайрихоҳлик билдиради ва чора кўриш учун ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бўлимига мурожаат қилди.

Начора, ҳар қандай ножуя хатти-ҳаракатнинг ҳам, албатта, интиҳоси бўлади. Фирибгарликни “касб” қилган Қарши тумани Потрон қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган Джабборов Жахонгир Уктамович 2020 йил 20 май куни 2500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни Дилноза Элмуродовадан олган вақтда қўлга олинди ҳамда унга нисбатан вилоят ИИБ ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракат лари олиб борилмоқда. Ҳурматли фуқаролар Ички ишлар органларига ишга ёки ўқишга кириш истагида бўлсангиз, Қашқадарё вилояти ИИБ Кадрлар бошқармасига мурожаат этишингиз сўралади. 

Кўча-куйда дуч келган нотаниш фуқаролар ёки фирибгарлар гапига ишониб сиз ҳам фирибгарнинг тузоғига тушиб қолманг!

Text to speech