17 Май 2021 йил 754

“Мустаҳкам оила – жамият кўрки”

 

Қашқадарё вилояти ИИБда “Мустаҳкам оила – жамият кўрки” мавзусида маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда бошқарма соҳавий хизматлари ходимлари, Қарши давлат университети ва вилоят диний идора вакиллари иштирок этишди. Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Х.Бозоров очди ва олиб борди.

Кўлами кенг маърифий тадбирда оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг асоси эканлиги таъкидланди. Оила деганда, кўз олдимизга ҳар бир сўзи ибрат сабоғи бўлган бобо-бувилар, меҳрли нигоҳида ҳаётчанлик балқиб турган ота-оналар, аҳил-иноқ ака-ука, опа-сингиллар, бир-биридан ширин болажонларнинг шод-хуррамлиги файз киритган ошён келади. Оила ана шундай ҳаёт давомийлигини таъминловчи муқаддас даргоҳ. Унда ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат, киндик қони томган она Ватанга садоқат, жонга жондош миллат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан эл ишига елка тутишдек чин инсоний фазилатлар шаклланади. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятлар, анъаналар ҳам шу даргоҳда қалбга янада чуқурроқ ўрнашади.

Тадбирда иштирок этган Қарши ДУ ўқитувчиси Холмурод Каримов, Қашқадарё вилояти Бош имом-хатиби ўринбосари Муҳаммадқори Қораевлар буюк алломаларимиз Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Кайковусдан тортиб Беруний, Ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек ўз асарларида оилавий масалалар, хусусан, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, бола тарбиясида ота-она, бобо-бувининг ўрни, комил ва ватанпарвар шахсни етиштиришда оиланинг аҳамиятига алоҳида ёндошгани, улар ўзларининг ибратли ҳикоят, ривоят, фарзандларга мактуб, ҳикматли сўз, панд-насиҳатдан иборат шеъру насрий асарларида бу қўрғонни асраш, муқаддас деб билиш ҳақидаги ҳаётий  хулосаларини ёзиб қолдирганини эътироф этишди.

Тадбир якунида ички ишлар органларининг обърў-эътибори ва нуфузини ошириш, жамиятда коррупция ҳолатларига муросасизлик билан қарши турувчи, ўз касбига ҳалол ва виждонан ёндошган Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ махсус отряд ЙПХ инспектори катта сержант Абдусамад Ражабов пул мукофоти билан тақдирланди.

Text to speech