Мудҳиш жиноят муҳокамаси
Косон туманидаги 33-ўрта мактабда Қуйи Оброн қишлоғида яшовчи икки нафар фуқаронинг ўзаро келишмовчилиги туфайли содир этилган жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев, туман ҳокимлиги, прокуратураси, туман Ички ишлар бўлими, 1-сектор ишчи гуруҳи ҳамда оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, ҳамда маҳалла фаоллари ва марҳум ва жиноятчининг яқин қариндошлари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 18 декабр куни соат 21:45 ларда Косон тумани “Қуйи Оброн” МФЙда яшовчи муқаддам судланган Ю.А. ҳамқишлоғи Т.Э. билан қишлоқдаги чойхонага келиб, овқатланиш жараёнида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бир-бирини ҳақоратлаб, жанжаллашиб қолади. Натижада сархуш йигитлар куч синашиш мақсадида ташқарига чиқади. Шу пайт Ю.А. ташқаридаги шашлик қўра ёнидаги стол устида турган пичоқни олиб Т.Э.нинг пастки жағига тиқиб олади. Натижада, Т. Э. олган оғир тан жароҳати туфайли вафот этган.
Йиғилишда содир этилган мудҳиш жиноятни юзага келтирувчи шарт-шароитлар ва омиллар таҳлил этилганда бу йигитлар бекорчилик туфайли спиртли ичимликка рўжу қўйиши, ҳаётга енгил-елпи, турмуш ташвишларига юзаки қараши оқибатида юз бергани, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва қариндошлар нега бу ҳолатга панжа орасидан қарагани танқид остига олинди.
Ўйлаб кўрилса, маҳаллада фуқароларнинг кундалик ташвиши ва дарду муаммолари билан шуғулланиши лозим бўлган маҳалла раҳбарияти, оқсоқоллар, қўни-қўшни қолаверса, кайвонилар, қариндош-уруғлар қаёққа “қарагани” бугун номаълум. Икки йигитнинг жанжалига гувоҳ бўлганлар уларни муросага чақириш ўрнига томошабин бўлишгани мазкур жиноятни юзага келишига сабаб бўлган.
Халқимизда сўнгги пушаймон ўзингга душман, деган нақл бор. Ҳали ҳаётнинг аччиқ чучугини татиб улгурмаган Ю.А. аччиқ қисматга дучор бўлди. Эҳтимол у қилган қилмишини ўйлаб, надомат чекар. Лекин сўнгги пушаймондан фойда йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ томонидан Ю.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.