6 Январ 2023 йил 278

Муборак туманида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди

Муборак туманидаги 6-мактабда Қорақум МФЙда  содир этилган оғир тан жароҳати етказиш жинояти муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси, Муборак  туман ички ишлар бўлими раҳбарияти, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва унинг таркибидаги маҳаллалар, “Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, профилактика инспекторлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 565-сонли Қарорига асосан ташкил этилган муҳокама йиғилишида Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари полковник Жасурбек Атаев содир этилган жиноятинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон яратиб берган шарт-шароитларни атрофлича  муҳокама қилди.

Бошқарма бошлиғининг 1-ўринбосари ўз сўзида содир этилган жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва содир этилишига имкон яратиб берган шарт-шароитларни атрофлича таҳлил этди.

Маълум бўлишича, тумандаги ғишт заводида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган тўрт нафар  фуқаролар овқатланиш учун чойхонага келиб, спиртли ичимлик истеъмол қилишгани,  сўнгра, чойхона эгаси билан бир хўранда жанжаллашиб қолиб, бири иккинчисига оғир тан жароҳати етказган. 

Маҳалла бешлиги “хонадонбай”, “фуқаробай” ишларни амалга оширишда бу фуқароларнинг ҳаёти ва турмуш тарзи билан қизиқмагани, фаоллар ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани мудҳиш жиноятни юзага келишига сабаб бўлгани танқид остига олинди.

 Фуқароларнинг кундалик ташвиши ва маиший муаммолари билан шуғулланиши лозим бўлган маҳалла бешлиги огоҳ ва ҳушёр иш олиб бориб, назоратсиз шахслар турмуш тарзи билан шуғулланганида бу жиноятнинг олди олинарди.

Ҳолат бўйича мутасаддилардан изоҳ сўралиб, ҳар бир маҳалла фаоллари ўз ишини жонлантириши, зиммасидаги масъулиятни ҳис этган ҳолда фаолият олиб бориши, “Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғини бешлиги зиммасига келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш борасида аниқ манзилли вазифалар юкланди.

Text to speech