18 Январ 2025 йил 646

“МОБИЛЛАШИБ БОРАЁТГАН ТАФАККУР”

“МОБИЛЛАШИБ БОРАЁТГАН ТАФАККУР” 

Қашқадарё вилояти ИИБда  “Мобиллашиб бораётган тафаккур” мавзусида “Маънавият ва маърифат дарси” бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ раҳбарияти, таркибий бўлимлари ва соҳавий хизматлар ходимлари иштирок этди. Уни вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Талат Маматкулов очди. 

Тадбирда вилоят ИИБ ТҚХ Киберхавфсизлик бўлими ходими, капитан Сухроб Мухаммадиев мавзу доирасида маъруза қилди.

Вилоят ИИБ ТҚХ Киберхавфсизлик бўлими бошлиғи, майор Акром Убайдуллаев кибержиноятлар ва зарарли иловалар ҳамда улардан сақланиш ҳақида иштирокчиларга атрофлича тушунчалар бериб ўтди. 

Якунда ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси масъул ходими республика ва вилоят миқёсида ходимларнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этиши, шахсий таркиб билан боғлиқ содир бўлган салбий ва фавқулодда ҳолатлар ва уларни олдини олиш борасидаги иштирокчиларга тегишли тушунча ва тавсиялар берди.   



Тафаккур мустақиллигининг белгиларидан бири ташаббускорлик бўлиб, у инсоннинг ўз олдига аниқ мақсад ва муддаолар қўйиш, уларни амалга ошириш йўлидаги муаммолар ечимини топиш, ниҳоясига етказиш учун зарур бўлган усул ва воситаларни белгилашида намоён бўлади. 

Мустақил тафаккурга эга бўлмаган киши тайёр қарашлар асирига айланади ва уларда тафаккурнинг ўсиши ўзининг табиий даражасидан орқада қолади. Тафаккур қарамлиги жамият ривожига, миллат тараққиётига тўсиқ бўлади. Шунинг учун ҳам фикрнинг мустақиллиги унинг сермаҳсуллиги, самарадорлигини таъминлайди. Инсон томонидан муайян вақт ичида, муайян соҳа учун қимматли ва янги фикрлар, ғоялар, тавсиялар яратган, назарий ва амалий вазифаларни ҳал қилган кишининг тафаккури сермаҳсул ва самарали саналади. 

Демак, муайян вақт оралиғида мустақил равишда бажарилган иш кўлами ва сифати тафаккур мустақиллигининг ўлчови бўлиб хизмат қилади. Зеро, тафаккур мустақиллигига эришиш, яъни мустақил фикр соҳибларини тарбиялаш ва шакллантириш бугунги миллий тараққиётнинг муҳим маънавий омилларидан бири ҳисобланади. 

Замонавий дунё бугунги кунда учта глобал муаммо билан шуғулланади: инсониятнинг цивилизация сифатида сақланиб қолиши, инсонни асраб-авайлаш ҳамда уни ривожлантириш ва тарбиялаш. Башарият янги асрга қадам қўйиши билан замон талаблари, одамларнинг яшаш тарзи, шарт-шароитлари, вақт тушунчаси бўйича қарашлари, уларни қуршаб турган ахборот ҳудуди янги босқичга чиқди. Инсоният атрофидаги ҳаёт омилларига янада талабчанлик, онглилик ва тафаккур билан ёндаша бошлади. Шу билан бирга, ҳар сонияда ўзгариб бораётган замон талаблари инсониятдан мобиллашиш, интенсивлашиш ва интеграциялашиш, ахборотни қабул қилиш ҳамда уни яшаб турган давримиз тенденцияларига мос ва хос тарзда қайта ишлаш малакаларини тақозо этмоқда. 

Огоҳлик, дахлдорлик, ўзликни англаш, ғоявий курашчанлик ҳар бир озод шахс ва эркин фуқаро учун зарурдир. Бугунги ёшлар турли маконлардан таралаётган муайян кучларнинг манфаатларига хизмат қиладиган ҳар хил маъно-мазмундаги ғоявий таъсирлар гирдобида яшайди. Ахборот асри, интернет асри, информацион технологиялар асри деб ном олган айни даврда бундай таъсирлардан холи бўлиш долзарб муаммодир. Шундай экан, давр ҳар бир ёшнинг фикри ва собит эътиқодига, мустақил тафаккури ва мустаҳкам иродасига эга бўлишини тақозо этади. Ғоявий таҳдидлар кучайган ҳозирги шароитда миллий онг, миллий ўзликни англаш, миллий маънавий мерос хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур омиллардандир. 

Демак, ҳозирги ёшлар нима яхши ёки нима ёмон эканлигини ажрата билиши даркор. Яъни, ахборотни танлаш ва ундан унумли, тўғри фойдаланиш инсоннинг онг ва тафаккур даражасига боғлиқ. Ҳозирги пайтда ёшларнинг интернетдан тўғри фойдаланишига эришмоғимиз лозим. 

Мамлакатимизда Интернет тармоғини миллий маълумотлар билан тўлдириш ҳам бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир. Агар биз ёшларда ахборот олиш маданиятини шакллантирсак, ахборот хуружига қарши иммунитетни кучайтирган бўламиз. 

Мамлакатимизда Интернет тармоғини миллий маълумотлар билан тўлдириш ҳам бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир. Агар биз ёшларда ахборот олиш маданиятини шакллантирсак, ахборот хуружига қарши иммунитетни кучайтирган бўламиз.

Башарият рақамлашув, мобиллашув, соҳаларга сунъий интеллектнинг жорий этилиши билан боғлиқ муҳим даврни бошдан кечирмоқда. Ҳозир дунё ялпи ички маҳсулот(ЙИМ)нинг қарийб чорак қисми рақамли секторга тўғри келиши прогноз қилинаётган бир замонда яшаяпмиз. Биз бежиз сунъий интеллектни тилга олмадик, сабаби у инсон тафаккури, онги билан рақобатга киришмоқда. Инсониятнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ҳиссий интеллект – ўзимиздаги ва бошқалардаги ҳис-туйғуларни тушуниш ва бошқариш қобилияти. Туйғулар инсон тажрибасининг асосий жиҳати бўлиб, бизнинг муносабатларимизни, қарор қабул қилиш жараёнларини ва умумий фаровонлигимизни шакллантиради. Бироқ сунъий интеллект ҳиссиётларга бефарқ, нозик инсоний ҳис-туйғуларни тушунишга қодир эмас. 

Сунъий интеллект тизимлари янада мураккаблашгани сайин автономия ва жавобгарлик билан боғлиқ муаммолар биринчи ўринга чиқади. Ушбу тизимларда ҳиссий тушунча ва субъектив фикрлашнинг етишмаслиги кутилмаган ҳолатларга дучор бўлганда, ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, жавобгарлик масаласи жиддий муаммо туғдиради. Агар сунъий интеллект тизими зарарга олиб келадиган қарор қабул қилса, жавобгарликни ким ўз зиммасига олади? Одамлардан фарқли ўлароқ, машиналар ахлоқий ваколатга ёки масъулият туйғусига эга эмас, бу уларнинг хатти-ҳаракатларининг оқибатлари учун жавобгарликни мураккаблаштиради. Зеро, технологик тараққиётга интилишда сунъий интеллектнинг интеграциясига ақлли ва эҳтиёткор фикрлаш билан ёндашиш жуда муҳим. Сунъий интеллект самарадорликни ошириш ва мураккаб муаммоларни ҳал қилиш учун улкан салоҳиятга эга бўлсада, у одамларни инсонга айлантирадиган ноёб фазилатлар ўрнини боса олмайди.

Сунъий интеллектнинг хавф-хатарлари унинг чекловларида, ҳақиқий ҳис-туйғуларнинг йўқлигида, инсон хатти-ҳаракатларининг мураккаблигини англай олмасликда ва машина мулоҳазаларининг нотўғрилигидадир. Ривожланаётган сунъий интеллект ландшафтини кезарканмиз, технологиянинг афзалликларидан фойдаланиш ва инсонийлигимизни белгилайдиган ўзгармас фазилатларни асраб қолиш ўртасидаги мувозанатни сақлаш жуда муҳим. 

Яна бир муҳим масала. ХХI асрда ижтимоий тармоқлар шу даражада оммалашдики, бу, ўз навбатида, ҳатто инсон тафаккурига ўз таъсирини ўтказа олиш даражасига чиқиб улгурди. Ҳозирги вақтда кўп сонли одамларни зомбига айлантирган ижтимоий тармоқлардан узоқлаша олмаслик хасталиги янада кўпроқ зарар келтиради. Ижтимоий тармоқларга қарамлик яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида жуда кўп тадқиқотлар олиб борилган. Америка педиатрлар академияси ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш болалар ва ўсмирлар соғлиғида салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантиради. Бироқ барча ёшдаги катта кишилар учун ҳам айнан шундай хавф мавжуд. Статистик маълумотларга кўра, кунига икки соатдан кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказувчи ўсмирлар интернетга 30 дақиқадан кам вақт сарфловчи тенгдошларига қараганда ёлғизликдан икки баробар кўп азият чекишар экан. Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, инсон ахборот истеъмолчиси сифатида ҳар қандай зарарли контентлар, бузғунчи, ёт ғояларга ўз тафаккури орқали қарши тура олиши лозим.

Text to speech