9 Июл 2025 йил 60

Миришкор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Хайдаров Ғайрат Джумаевич туман аҳолисига мурожаати

ҲУРМАТЛИ ФУҚАРОЛАР!

Маълумки, жорий йилнинг 3-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президентинг “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1-сонли қарори имзоланди.

Мазкур ҳужжат юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Миришкор тумани Ички ишлар бўлими томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, барқарор ва хавфсиз муҳитни шакллантириш йўналишида бир қатор манзилли ва тизимли ишлар амалга оширилди.

Шу каби чоралар натижасида 2025-йилнинг биринчи ярми давомида туманимиз ҳудудида бирорта ҳам қотиллик, босқинчилик, талончилик ва безорилик жиноятлари содир этилишига йўл қўйилмади. Ўрта оғирликдаги тан жароҳати етказиш жиноятлари сони эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайди.

Шунга қарамай, баъзи йўналишларда хавотирли ҳолатлар кузатилмоқда. Жумладан, олиб борилган профилактик тадбирларга қарамасдан, жорий йилда туманда 36 та кибержиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 57 фоизга ошган.

Бугунги кунда кибержиноятларнинг турли шакллари фуқароларнинг молиявий манфаатларига, шахсий маълумотларига ва ижтимоий фаоллигига жиддий хавф туғдирмоқда. Шу боис, ҳар бир фуқаро ўзини ва яқинларини бундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича зарур билим ва малакага эга бўлиши лозим.

Қуйида келтирилаётган асосий тавсиялар сиз ва оилагизни кибержиноятлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади:

 

1. Кучли пароллардан фойдаланинг

  • Ҳар бир аккаунт учун алоҳида, мураккаб ва тахмин қилиш қийин бўлган парол танланг (ҳарфлар, рақамлар ва махсус белгилар аралашмаси).
  • Оддий ва осон топиладиган пароллардан (масалан: “123456”, “qwerty”) фойдаланманг.
  • Аккаунтларингизга икки босқичли аутентификация (2FA) ўрнатинг.

 

2. Шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилинг

  • Телефон рақами, паспорт маълумотлари, банк картаси реквизитлари каби шахсий маълумотларни бегона шахсларга ошкор қилманг.
  • Ижтимоий тармоқларда ҳаддан зиёд шахсий маълумот жойлаштиришдан тийилинг.

 

3. Фирибгарлик хабарларидан эҳтиёт бўлинг

  • Сиз танимаган манбадан келган хат, ҳавола ёки иловаларга ишонманг.
  • “Соврин ютдингиз”, “Ҳисобингиз блокланди” каби хабарларга ишониб, ҳеч қандай ҳаволага ўтиш ёки маълумот киритишга шошилманг.

 

4. Қурилмангизни доимий янгилаб боринг

  • Ишончли антивирус дастурларини ўрнатинг.
  • Операцион тизим, иловалар ва браузерларни мунтазам янгилаб боринг.

 

5. Интернет ва Wi-Fi хавфсизлигига эътибор беринг

  • Очиқ Wi-Fi тармоқларидан фойдаланганда шахсий ва молиявий маълумотларингизни киритманг.
  • Уй Wi-Fi маршрутизаторингизга кучли ва хавфсиз парол ўрнатинг.

 

6. Онлайн харидларда эҳтиёткор бўлинг

  • Фақат ишончли ва лицензияланган сайтларда харид амалга оширинг.
  • Банк картаси маълумотларингизни ҳеч ким билан улашманг.

 

7. Фарзандларингизни огоҳлантиринг

  • Уларни интернетдаги хавфли контент, ёт шахслар ва фирибгарликлардан ҳимояланишга ўргатинг.
  • Болалар учун хавфсиз режимдаги иловалар ва назорат дастурларидан фойдаланинг.

 

8. Шубҳали ҳолатларни зудлик билан хабар беринг

  • Агар сиз ёки яқинларингиз киберфирибгарлик ёки бошқа ҳуқуқбузарлик қурбонига айланган бўлса, дарҳол тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг:
    102 – Ички ишлар бўлими

 

Ҳурматли юртдошлар, жиноятчиликка қарши кураш ва барқарор хавфсизлик муҳитини таъминлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Шу сабабли, сизларни огоҳ, ҳушёр ва қонунга содиқ фуқаро бўлишга чақирамиз.

Кибержиноятларга қарши биргаликда курашайлик!

Text to speech