12 Январ 2022 йил 716

Миллий кураш мусобақаси

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14-январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Биз соҳибқирон Амир Темур авлодларимиз” шиори остида миллий кураш мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақада бошқарма соҳавий хизматлари ва Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари ходимлари иштирок этишди.
Ички ишлар органлари ходимларининг жанговар тайёргарлигини ошириш, фавқулодда вазиятларда тезкорлик билан ҳаракатланиши, шунингдек, ходимларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишини такомиллаштириш, спорт мусобақалари орқали ходимларда ирода, куч ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган спорт мусобақаси қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Ходимлар орасида соғлом турмуш тарзини кенгроқ тарғиб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш мақсадида 4 вазн тоифасида ўтказилган кураш мусобақасида барча полвонлар ўз маҳорат ва тажрибаларини ишга солиб ўзаро беллашдилар.
Ўтказилган кураш мусобақасининг 73 килограмм вазн тоифасида бошқарма Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходими сержант Жавлон Тоғаев ғолиблик шоҳсупасидан жой олди.
Навбатдаги 81 килограмм вазн тоифасида бошқарма маънавий маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Касбий тайёргарлик бўлими ходими лейтенант Рустам Саидов, 90 килограмм вазн тоифасида бошқарма Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходими кичик сержант Ботир Холиёровлар 1-ўринни қўлга киритишди.
Мусобақанинг +90 ва ундан юқори вазн тоифасида бошқарма маънавий маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Касбий тайёргарлик бўлими ходими лейтенант Ойбек Худоёров ғолибликни қўлга киритди.
Полвонларга ғолиблик дипломи ва қимматбаҳо совғаларни Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари полковниклар Азиз Алланазаров, Хабибулла Бозоров ва подполковник Хуршид Атаназаровлар топширди.

Text to speech