14 Январ 2023 йил 402

“Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!”

Қашқадарё вилояти вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 31 йиллиги ҳамда 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тантанали тадбирга бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарлари ва ички ишлар идораларида самарали хизмат қилиб бугунги кунда фахрийлик гаштини сураётган тизим фахрийлари ҳам таклиф этилди.

Тантанали тадбирни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳратжон Сатволдиев очиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг соҳа вакилларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Бошқарма бошлиғи ўз сўзида кейинги йилларда ушбу қутлуғ айём умумхалқ байрамига, халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради, деди.

Миллий армиямизнинг куч-қудрати азму шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигидадир. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳар фуқаро ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқда. Ана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаётига, Ватанимиз мустақиллигига ҳеч қандай ёвуз куч раҳна сололмайди.

Муҳтарам Президентимиз Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида “Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди, деб айтишга барча асосларимиз бор, дея бежизга таъкидламадилар.

Энг асосийси, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган, халқимизнинг тинч меҳнати, осойишта ҳаётини, юртимизнинг мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳар томонлама қодир тизимга айланди.

Ўтган йилларида бошқа соҳалар қатори ички ишлар органлари ҳам ғоят шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди. Айниқса, кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ички ишлар органларида кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилди.

Соҳада амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида халқ манфаатларига хизмат қиладиган, замонавий моддий техник воситалар билан таъминланган, юксак билим ва профессионал кўникмаларга эга ватанпарвар кадрларни ўзида жамлаган, энг асосийси, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг кафолати бўла оладиган янги тизим яратилди. Юртимизда ҳуқуқбузарликлар, жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш ва содир этилганларини фош этиш борасида ички ишлар органлари ходимлари самарали хизмат қилмоқда.

Албатта, халқимизнинг хизмат қилган элда азиз, деган ибораси бежизга айтилмаган. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш ва кўз қорачиғидек асраш, осойишталикни ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат чоғида ҳалок бўлган ходимлар ёди ҳамиша қалбимизда.

Ички ишлар идоралари тизимларида самарали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ вилоят ички ишлар органлари ходимлари Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан бир гуруҳ ходимларга “Аъло хизматлари учун”, “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари ҳамда “Фахрий ёрлиқ”, қўл соати, пул мукофотлари, рағбатлантириш тариқасидаги навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди. Тадбирда бир гуруҳ фахрийлар ва ходимлар бошқарма бошлиғининг буйруғига биноан пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Text to speech