“Миллатлараро тотувлик ва дўстлик – тараққиёт омили”
Қарши шаҳар ИИБда “Миллатлараро тотувлик ва дўстлик – тараққиёт омили” мавзусида маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда бошқарма соҳавий хизматлари ва Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари иштирок этишди. Тадбирда ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчиси Ғолиб Худойқулов иштирок этиб, миллатлараро тотувлик – умумбашарий қадриятлигини, у нафақат турли халқлар биргаликда истиқомат қиладиган минтақа ва давлатлар миллий тараққиётини белгилайди, балки бутун дунёда тинчлик ва тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Бир миллатли давлатларга нисбатан кўп миллатли давлат маданий, маънавий бой дейиш мумкин. Чунки мамлакат ичидаги миллий маданиятлар мулоқоти уларни бойитади. Ватанимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, унинг қонуний асосларини яратишга жиддий эътибор қаратилди. Ушбу тамойиллар Ўзбекистон Конституцияси ва барча қонунларимизда аниқ ҳамда қатъий муҳрлаб қўйилди. Жумладан, Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатилган. Асосий Қонунимизнинг 18-моддасида эса мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда.
Миллатлараро тотувлик, ўзаро дўстлик ришталарини янада мус¬таҳкамлаш ҳақида 2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатида ҳам таъкидланди. Мурожаатномада 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан «Дўстлик ҳафталиги»ни ташкил этиш ҳамда ушбу ҳафталик доирасида «Дўстлик» халқаро форум-фестивалини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди. Бу йил «Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун кучга кирди.
«Халқлар дўстлиги куни»ни нишонлашдан асосий мақсад инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.