1 Июл 2021 йил 600

МИЛЛАТИМИЗ ТИМСОЛИ

Қашқадарё вилояти ИИБ да Ўзбекистон Републикаси давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан миллатимиз тимсоли мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда бошқарма Кадрлар бошқармаси ҳамда ИИВ Қашқадарё академик лицейи ўқитувчилар ва ўқувчилари иштирок этди. Тадбирни бошқарма Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Муслимов очиб, 1992 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганини айтиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар гербимиздаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги теран рамзий маънога эгалиги, ўнг томондаги пахта ва ғарқ пишган буғдой бошоқлари халқимизнинг меҳнати ҳалол, ризқи бутун эканлигини ифодалашини таъкидлади. Гербнинг юқори қисмида мамлакатимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Унда ўз ифодасини топган яримой қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз эса халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ҳамда саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради. Баланд тоғлар оралаб оқаётган дарёлар — авлодлар оша яшаб келаётган мангу қувват тимсоли, халқимиз кўзлаган юксак марралардан далолат беради. Герб марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. У қадимдан бахт ҳамда давлатмандлик рамзи, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган.
Давлатимиз гербида гуллаган водий узра нур сочаётган қуёш тасвири заминимизнинг серқуёшлигига, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишорадир. Гербнинг пастки қисмидаги республика Давлат байроғини ифодаловчи уч рангдаги чамбар бандига “O`zbekiston” сўзи битилган. Бу билан нафақат мамлакатимиз мустақиллиги мустаҳкамланди, балки халқимиз ўзи истаган ва танлаган йўлда яна бир муқаддас тимсолга эга бўлди.
Йиғилишда вилоятнинг шаҳар-туман ИИБларида ҳам бу борада шахсий таркиб билан тадбир уюштириш ва ёшларнинг давлат гербининг аҳамияти ва ундаги тимсоллар тўғрисидаги тушунчаларини янада бойтиш борасида тавсия ва таклифлар берилди.
Тадбир иштирок этган ёш ходимлардан бир гуруҳи давлатимиз герби ҳақида шеърлардан намуналар ўқишди.

Text to speech