Қарши шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилгани билан боғлиқ жиноят тафсилотлари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Қашқадарё вилояти прокуратурасида марҳум спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлими билан боғлиқ матбуот брифинги бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазири ҳамда журналист ва блогерлар ҳамда маҳаллий ва марказий матбуот нашрлари вакиллари иштирок этишди. Унда марҳум спортчининг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар очиқланди.
Брифингда маълум қилинишича, Элбек Раҳимов билан гуруҳ боши Зуҳриддин Боймирзаев ўртасида аввалдан келишмовчиликлар бўлиб келган. Хусусан, Боймирзаев марҳум Раҳимовнинг укаси билан тортишиб қолган. Бунга жавобан жорий йилнинг 17 июнь куни марҳум Раҳимов Боймирзаев билан ўзаро жанжаллашган.
Шу куни соат 10-00 ларда Қарши шаҳрида яшовчи Э.Р.ни кўп қаватли уйидан чиқишини кутиб турган З.Боймирзаев совуқ қуроллар билан қуролланган шериклари билан уни бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига уриб, оғир тан жароҳати етказиб, “Жентра” автомашинасига мажбуран миндиришиб, жиноий қилмишларини яшириш мақсадида Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб бориб ташлаб кетишган.
Натижада Э.Р. кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан шу куни шифохонада вафот этган.
Жиноятни “иссиқ излар”да фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор қидирув суриштирув тадбирлари натижасида шу куннинг ўзида жиноятга алоқадор Қарши шаҳри ва Қарши туманида яшовчи фуқаролар Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокурори томонидан З.Б. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л,п” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини Бош прокурор Ниғматилло Йўлдошев маълум қилди.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Бобожонов жиноят содир этган шахсларнинг оилавий муҳити ва турмуш тарзи ҳақида маълумот бераркан, жиноий гуруҳ орасида икки нафари муқаддам судлангани, улардан бирининг отаси онасини ўлдириб, ҳозир жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётганини маълум қилди. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам назоратсиз қолгани, улар мустақил спорт билан шуғулланиб, кучини эзгулик учун эмас ёвузлик йўлида ишлатганини таъкидлади. Улар орасида икки нафар вояга етмаган ўсмирлар борлиги эса ота-оналарнинг бола назоратидаги сусткашлигидан бошқа нарса эмас.
Мухтасар айтганда илк маротаба ҳуқуқбузарлик содир этган шахс қайта қонунбузарликка қўл урмаслиги учун маҳаллада ота-онаси ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этишни ишларини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Олий суд раиси К.Камилов мамлакатимизда қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашнинг барча ҳуқуқий асослари етарли эканлигини таъкидлади. Судлар очиқ ва шаффоф бўлиши учун бир соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада судьяларнинг мустақиллиги таъминланиб, одил ва холис иш юритиш механизми йўлга қўйилди. Судларда жиноят ва фуқаролик ишлари кўрилишида очиқлик ва шаффофлик, холисликка қатъий амал қилиши учун барча чоралар кўрилди. Ҳар бир кўрилаётган иш тўғридан тўғри марказ томонидан кузатилиши учун суд заллари видео кузатув воситалари билан жиҳозланди. ЎЗ навбатида бу ҳам одил судловни амалга оширишда ўз натижасини бермоқда.
Бугунги қотиллик жинояти борасида эса шуни айтиш мумкинки, жиноятчилар албатта, қонуний жазосини олишади. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Брифингда журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга тўлиқ ва холис жавоблар берилди.