Мақсад – ходимлар саломатлигини сақлаш
Мамлакатимизда эл соғлиги, фуқаролар саломатлиги, аҳолининг тиббий-профилактик маданиятини кучайтириш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди. Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номлангани ва йил талабидан келиб чиқиб, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бунинг яққол исботи.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби ички ишлар органларининг тиббиёт соҳаси ҳам ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларда тиббий профилактик маданиятни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, яқинда вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими шифокорлари ходимлар саломатлигини сақлаш, уларда учрайдиган бирламчи ва сурункали касалликларни эрта аниқлаб, олдини олиш мақсадида жойларда сайёр тиббий кўрик ўтказмоқда. Яқинда бошқарма Тиббиёт бўлими шифокорлари Шаҳрисабз туман ИИБда сайёр қабул ўтказишди. Унда Шаҳрисабз ва Яккабоғ туман ИИБлари ходимлари тиббий кўрикдан ўтказилди.
Сайёр қабулда бошқарма Тиббиёт бўлимига бириктирилган 76 нафар ходимлар бўлим поликлиникасининг терапевт, невролог, жарроҳ, кардиолог, уролог, лор, офтальмолог шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Беморлар ЭКГ, УТТ ва бошқа тиббий аппаратларда текширувдан ўтказилиб, қон ва пешоб таҳлиллари топширишди. Қабулда 16 нафар “Д” ҳисобда турувчи беморларга, 4 нафар бирламчи касалликлар аниқланган ходимларга ИИВ тизимидаги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш профилактика муассасаларига даволанишга тавсия берилди.
Шу куни тадбир 16 нафар 40 ёшдан ошган ходимлар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларда аниқланган касалликлар бўйича даволаниши учун тавсиялар берилди. Баъзиларига ИИВ тизимидаги даволаш профилактика муассасаларига йўлланмалар бериш назоратга олинди. Соғлигининг ҳолати ва йиллик тиббий профилактик кўрикдан ўтган ички ишлар органлари ходимларининг саволларига шифокорлар томонидан жавоблар берилди.
- Бу каби сайёр тиббий кўрик анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинмоқда, - дейди бошқарма Тиббиёт бўлими поликлиникаси бошлиғи капитан Ш.Ҳайдаров. – Бу ўз навбатида ходимларнинг оввора бўлиб, ҳам вақт, ҳам маблағ йўқотишининг олдини олмоқда.
Бўлим поликлиникаси шифокорлари билим ва малакасини бойитиш мақсадида режа асосида соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги малака ошириш олийгоҳларида ўқиб қайтмоқда. Шифоокорлар замонавий тиббий техникалар билан ишлашни ўзлаштириб, мавжуд тиббий асбоблардан самарали фойдаланиб, ходимларда, фахрийлар ва уларнинг оила аъзоларида учрайдиган сурункали ва мавсумий касалликларни эрта аниқлаб, олдини олиш чораларни кўрмоқда.
Ўйлаймизки, бу каби сайёр тиббий кўрик ҳам шахсий таркиб, ҳам шифокорлар учун ҳар томонлама фойдали ва самарали бўлаётир.