Мақсад - жазолаш эмас тарбиялаш
Маълумки, шахс тарбиясида, унинг хулқ-атвори, маънавий камолини юксалтириш, касб-ҳунар ўргатиш, ҳалол меҳнатга муносабатини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади. Боиси, ҳунар ҳар қандай одам учун ҳунар бир умрлик зарурий эҳтиёж. Айниқса, билиб-билмай ёки эҳтиётсизлик туфайли жиноят содир этган шахсларни қайта тарбиялаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида касб-ҳунар ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Жазони ижро этиш бошқармаси тасарруфидаги 2-сонли Жазони ижро этиш муассасасида самарали услублардан фойдаланиб, бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, колонияда маҳкумларни касб-ҳунарга жалб этиш мақсадида мактаб ташкил этилган бўлиб, устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Мактабда айни кезларда ўймакорлик, ратанг мебел каби йўналишларда 100 дан ортиқ маҳкумлар ҳунар ўрганишмоқда. Бундан ташқари, муассасада совун ишлаб чиқариш, гипс ва қуруқ аралашма, родбон, шпакелёвка, обой клейи ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.
Ҳунар келгусида озодликка чиққан ҳар бир шахс учун ҳаётда асқотиши, натижада келгусида касб кори ортидан рўзғор тебратиб, тирикчилик учун жиноятга қўл урмаслигига йўлланма.
Кўп миқдорда гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғуллангани учун озодликдан маҳрум этилган фарғоналик маҳкум Расулов Шуҳрат айни кезларда ратанг мебел йўналишида устага шогирд тушган. У қилган ишидан пушаймон.
Ҳунар-ҳунардан унар деганларидек, бирор касбни ўрганиб, озодликка чиққан маҳкум, албатта, ҳалол меҳнати билан рўзғор тебратади. Қолаверса, жамиятга ҳам фойдаси тегади.
Бу саъй-ҳаракатлар маҳкумлар ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар, ўзаро бир-бирига бўлган таъсир, маънавий боғланиш, ахлоқий тарбия жараёнида ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Ҳукуматимиз томонидан маҳкумларга яратилаётган шарт-шароитлар, муассасалар маъмурияти томонидан яратилаётган имкониятлар ҳар бир жазо ўтаётган шахснинг келгусида тўғри ҳаёт йўлини танлашида асқотиши тайин.