“МАЪНАВИЯТ МАРШРУТЛАРИ-ДОИМИЙ ТАШРИФЛАР МАСКАНИ”
Қашқадарё вилояти ИИБда “Маънавият маршрутлари – доимий ташрифлар маскани” мавзусида маърифат дарси бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этди. Йиғилишни вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Муслимов очди
Йиғилишда мавзу доирасида вилоят Мусулмонлар идораси вакили Рамзиддин Райҳонов иштирок сўз олиб, ривожланиш жараёнида ҳар бир соҳага маънавият ва маърифатни татбиқ этиш, ишни шу асосда ташкил этиш вазифаси қўйилаётгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Зеро, маърифатга йўғрилган ҳар қандай амал тараққийнинг тамал тошидир.
Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий билимларини ошириш, уларни миллий қадриятларига содиқ баркамол шахс сифатида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти томонидан «Маънавият маршрутлари» ишлаб чиқилди. Унга асосан, 2022 йил давомида юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, музейлар, маънавият ва маърифат масканлари, тарихий ҳамда маданий обидаларига ташриф буюриш назарда тутилди. Унда ўлкамизнинг тарихий масканларига саёҳат қилиш режалаштирилгани биринчи галда ходимларнинг ўз туғилиб ўсган юрти тарихини чуқурроқ билишни, аждодларнинг ўчмас хотирасига, улар қолдирган бой маънавий меросни асраш ва уни келажак авлодга етказиш масъулиятини юклайди.
Инсоният тамаддуни бешикларидан бўлмиш Ўзбекистонда не-не буюк алломалар, диний ва дунёвий илм эгалари яшаб, ижод қилган. Етти пир – Aбдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Aнжир Фағнавий, Хожа Aли Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Aмир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланади. Етти пири комил Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган «олтин силсила»нинг давомчилари сифатида эътироф этилган.
Бундан ташқари, Самарқанднинг бутун оламга машҳур обидалари сайёҳларни бир неча асрлардан буён ўзига маҳлиё етиб келаётган соҳибқирон бобомиз, Мирзо Улуғбек ва Қашқадарёнинг зумрад гавҳари Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуаси, Абу Убайда Ибн ал-Жарроҳ, Абу Муин Насафий яна кўплаб тарихий шахсларнинг мангу қўним топган масканига зиёрат асносида ҳар гал янгидан-янги маълумотларни оласиз, бу дунё ўткинчи экани, яхши амалларгина инсон номини абадиятга муҳрлашини англаб, руҳингиз тозаргандек бўлади, гўё.
Зеро, диёримиз миллий қадриятлари, маданияти ривожланган, юксак маънавиятга эга тамаддун ўчоғидир
Давлатимиз раҳбари «Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» дея бежиз таъкидламаганлар.