МАЪНАВИЯТ ДУНЁНИ ҚУТҚАРАДИ
Қашқадарё вилояти ИИБда “Маънавият – дунёни қутқаради” мавзусида бўлиб ўтган маърифат дарси олдингиларидан ўзгача руҳда кечди. Унда жаҳон саҳнида ва бошқа йўналишларда кечаётган ғоявий курашлар ва таҳдидлар, турли ахборот хуружларга қарши курашишда маънавиятнинг ўрни беқиёслиги таъкидланди.
Мамлакатимизда ҳам маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш борасида самарали тадбирлар амалга оширилмоқда. Маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш бугуннинг долзарб талабидир. Шунинг учун ҳам Президентимиз раислигида жорий йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: «Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», дея таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, диёримиз миллий қадриятлари, маданияти ривожланган, юксак маънавиятга эга тамаддун ўчоғидир. Тарихдан маълумки, юртимизда маънавият машъалини баланд кўтарган буюк алломалар етишиб чиққан. Ўзининг бой маънавий мероси билан дунёга зиё таратган мутафаккирлар мероси халқимиз маънавиятининг юксалишига замин яратгани маърузачилар томонидан алоҳида таъкидланди. .
Қизиқарли ва таассуротларга бой йиғилиш якунида ички ишлар органлари ходимлари учун китоб ярмаркаси ташкил этилди.