“Маънавият ойлиги” доирасида
Ички ишлар органларида ўтказилаётган “Маънавият ойлиги” доирасида вилоят Маънавият ва маърифат марказида тадбир бўлиб ўтди. Унда ИИВ, вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ, вилоят Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Қарши шаҳар Маъданият бўлими, Туризм ва спорт бўлими, соҳавий хизматлар, шаҳар-туман ИИБлари ходимлари, фахрийлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби мазмун-моҳияти юзасидан Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё бўлими раҳбари Лола Саодатова маъруза қилди. Китоб сўзбошида айтилишича, Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилади.
Шунингдек, тадбирда ходимларнинг маънавий-маърифий билимларини ошириш, халқимизнинг атоқли адиблари ижоди ва фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси, атоқли шоир Ўроз Ҳайдар билан учрашув ташкил этилди.
ИИО фахрийси, истеъфодаги майор Ўроз Ҳайдар ўз маърузасида Президентимиз томонидан ижодкорларга кўрсатилаётган эҳтиром ва имкониятлар ҳақида фикр билдирди. Жумладан, “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилингани бунинг яна бир тасдиғидир.
Тадбирда Ўроз Ҳайдар Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижоди, асарлари ҳақида иштирокчиларга маъруза қилди. Ижодий кеча қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.